Би-би-сининг 100 Аёл рўйхатидаги аёллар

BBC 100 Аёл 2022: Бу йил рўйхатда кимлар бор?

100 Аёл - Би-би-си Жаҳон Хизмати

Би-би-си дунёнинг бу йилги энг нуфузли, таъсирга эга ва руҳлантирувчи 100 нафар аёлининг рўйхатини эълон қилди.

Рўйхатда жаҳон мусиқаси феномени Билли Айлиш, Украинанинг биринчи хоними Олена Зеленская, таниқли санъаткорлар Приянка Чопра Жонас ва Сельма Блэр, "рус эстрадаси қироличаси" Алла Пугачева, эронлик альпинист Элноз Рекобий, уч ҳатлаб сакраш бўйича рекордчи Юлимар Рохас ва ганалик ёзувчи Нана Даркоа Секияма ҳам бор.

Бу BBC 100 Аёл лойиҳасининг ўнинчи қисмидир. Биз фурсатдан фойдаланиб, шу вақт ичида қандай ютуқларга эришилганига баҳо беришга қарор қилдик. Умуман олганда, лидер аёллар кўпайганидан тортиб, MeToo кампанияси бўладими, дунё бўйлаб аёллар ҳуқуқлари анча яхшиланди. Аммо кўплаб давлатларда бу соҳада ҳалиям қилиниши керак бўлган ишлар оз эмас.

Эронда жасорат билан ўзгаришларни талаб қилаётган намойишчилардан тортиб, Украина ва Россиядаги можарою қаршиликнинг аёл қиёфасигача – рўйхат, шунингдек, 2022 йилда дунё бўйлаб можаролар марказидаги хотин-қизларнинг ролини акс эттиради. Бу йил биринчи марта биз аввалги 100 Аёл рўйхатидагилардан бу йилгисига ўзлари лойиқ, деб ўйлаган бошқа номзодларни ҳам кўрсатишларини сўрадик.

Сиёсат ва Таълим

Маин Ал-Обайдий

Маин Ал-Обайдий, Яман

Юрист

Бу йил Яманда фуқаролик уруши янада кучайди. Маин Ал-Обайдий қамалдаги Таиз шаҳрида муросага эришилиши ҳаракатида. У рақиб гуруҳлар ўртасида асирларни алмаштиришда воситачи вазифасини ўз зиммасига олган. Аммо ҳар доим ҳам жангчиларни ўз уйларига соғ-омон қайтара олмайди. Аммо ҳеч бўлмаганда уларнинг жасадлари бегоналарнинг қўлларида қолмаслигига ҳаракат қилади.

Маин Яман аёллар иттифоқида ҳам кўнгилли бўлиб ишлаган. Қамоқдаги аёлларни ҳимоя қилган. У, шунингдек, Адвокатлар ассоциацияси кенгашига тайинланган биринчи аёл ҳамдир. Маин ассоциацияда Инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик эркинликлари қўмитаси фаолиятини назорат қилади.

Фотима Амирий

Фотима Амирий, Афғонистон

Талаба

Фотима Амирий Кобулдаги ўқув марказига уюштирилган худкушлик ҳужумига учраган. Ҳужум 50 дан ортиқ одамни ўлдирган. Уларнинг аксарияти қизлар эди. Фотима омон қолди. Аммо кўзини йўқотди. Юзи қаттиқ жароҳат олди.

Даволаниш билан бирга у кириш имтиҳонларига тайёрланди. Октябрь ойида имтиҳон топширди. 85% дан ортиқ балл тўплади. Энди унинг орзуси Кобул университетида информатика бўйича ўқиш. Фотиманинг айтишича, ҳужумда кўзини йўқотиши ўзини янада кучлироқ ва қатъиятли қилган.

Натали Бекар

Натали Бекар, Ватикан

Роҳиба

Рим Папаси Франциск Натали Бекарни Епископлар Синоди котиби муовини этиб тайинлади. У католик черкови учун муҳим бўлган масалаларда папага маслаҳат бериш ҳуқуқига эга мазкур лавозимни эгаллаган биринчи аёл бўлди. Натали Бекар Ватиканда овоз бериш ҳуқуқига эга ягона аёлдир. 2021 йилда унинг янги лавозимга тайинланганига ўз муносабатини билдираркан, Епископлар Синодининг Бош котиби бу "аёллар учун эшиклар очилганини кўрсатиши"ни айтганди.

Натали Бекар Хавьер жамоатининг роҳибаси бўлган.У Франциядаги Евангелизация ва Касблар миллий хизматининг биринчи аёл директори бўлиб ҳам ишлаган.

Папа Франциск шундай деди: "Аёлларга қарши камситиш ва зўравонликларга чек қўйиш бу – адолат олдидаги бурчдир. Биз ҳар қандай йўл билан аёлларнинг барча даражадаги раҳбарлик лавозимларига жалб этилишини қўллаб-қувватлашимиз керак”.

Натали Бекар

Таисия Бекбулатова

Таисия Бекбулатова, Россия

Журналист

Таисия Бекбулатова россиялик таниқли журналистдир. У 2019 йилда “Холод” деб номланган мустақил онлайн журналга асос солган. Журналда Украина уруши ёритилган. Нотенглик, зўравонликлар ва аёлларнинг ҳуқуқларига оид мақолалар чоп қилинган. Сайт шу йилнинг апрель ойида Россияда блокланган. Масъулларнинг мустақил оммавий ахборот воситаларига қарши тазйиқлари доирасида тўсилган.

Шунга қарамай, Бекбулатова ва унинг жамоаси ўз ишларини давом эттиришга аҳд қилишади. Ўқувчиларининг сони ҳам ортади. Журналистнинг ўзи ўтган йил Россияни тарк этган. Бунга унинг “хорижий агентлар” рўйхатига киритилиши сабаб бўлган. Ҳозирги урушни жанг жабҳасидан ёритиш учун Украинага шахсан ўзи сафар қилган.

Мен муқаррар тараққиётга ишонмайман. Замонавий цивилизация ҳеч қачон мустаҳкам бўлиб туюлмаган. Бундан эса, одатда, энг аввало аёллар ҳуқуқлари жабр кўрган.

Таисия Бекбулатова

Кристина Бердинских

Кристина Бердинских, Украина

Журналист

Кристина Бердинских кўплаб мукофотлар олган журналист. Украинадаги уруш пайтида Россия ҳужумлари остидаги ҳудудлардан репортажлар тайёрлаган. У ерларга борган. Украинанинг урушдан жабр кўрган шаҳарларидаги кундалик ҳаётни ҳам ёритган.

Кристина Херсонда туғилган. 14 йил пойтахт Киевда сиёсий журналист бўлиб ишлаган. Журналист сифатида ўз фаолиятини "НВ" журнали, турли теле- ва радиолойиҳаларда бошлаган. У Украинадаги Евромайдан инқилоби иштирокчилари ҳақида e-People медиа-лойиҳасини ҳам яратган. Мазкур лойиҳа кейинчалик китоб учун асос бўлиб хизмат қилган.

Заҳро Жойя

Заҳро Жойя, Афғонистон

Журналист

Заҳро Толибон ҳукмронлиги остида олти йил "Муҳаммад" бўлиб юрган. Ўғил бола бўлиб мактабга борган. АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучлари 2001 йилда Толибон ҳукуматини ағдаргач, у яна ўзининг қиз бола қиёфасига қайтган. У 2011 йилда журналист сифатида ишлай бошлаган ва кўпинча янгиликларни узатувчи ягона аёл мухбир бўлган.

У Афғонистондаги ягона феминистик ахборот агентлиги асосчиси. У агентлигини толиблар тошбўрон қилиб ўлдирган 19 ёшли қизнинг шарафига Rukhshana Media деб атаган. Жойя 2021 йилда Афғонистондан олиб чиқилган. Ҳозир ўзининг агентлигини Британиядан туриб бошқаради. У бу йил Билл Гейтс жамғармаси: Changemaker Foundation мукофотини қўлга киритган.

Мен сўзнинг кучига ишонаман ва биз аёлларга нисбатан адолатсиз муносабат ҳақида жим турмаслигимиз керак.

Заҳро Жойя

Нозанин Загари-Рэтклифф

Нозанин Загари-Рэтклифф, Британия/Эрон

Хайрия ходими

"Дунё ҳеч ким қилмаган иши учун гаровга ёки қамоққа олинмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун бирлашиши керак", деб айтган британо-эронлик Нозанин Загари-Рэтклифф эри Ричард Британия ҳукуматини унинг озод этилишини таъминлаш ва Эрон билан тарихий қарз можаросини ҳал қилишга ундаган узоқ давом этган кампанияси ортидан март ойида Эрон ҳукумати томонидан озод этилгач.

Нозанин 2016 йилда қизи билан таътилда бўлган вақтида Эронда ўзбошимчалик билан ҳибсга олинган ва кейинчалик Британия ҳукуматига босим ўтказиш учун Эрон расмийлари томонидан дипломатик восита сифатида гаровга олинган. У олти йил ҳибсда сақланган – дастлаб Инқилобий суд томонидан Эрондаги тузумни ағдаришга уринишда айбланган. Биринчи ҳукми 2021 йилда тугагач, у иккинчи бор ҳукм этилган ва дипломатик келишувга эришилгунга қадар Эронда ушлаб турилган. Загари-Рэтклифф барча айбловларни қатъиян рад этади ва эри билан мемуар ёзмоқда.

Олена Зеленская

Олена Зеленская, Украина

Украина биринчи хоними

Олена Зеленская дастлаб телевидениеда фаолият юритган. Сценарийлар ёзиб, асосан саҳна ортида ишлаган. Аммо 2019 йилда ҳаммаси ўзгарган. Турмуш ўртоғи Володимир Зеленский Украина президенти этиб сайлангач, у мамлакатнинг биринчи хонимига айланган. Ўзининг фаолиятини хотин-қизлар ҳуқуқларини яхшилаш ва украин маданиятини тарғиб қилишга қаратган.

Россия босқинидан кейин у ўзининг мавқеидан фойдаланиб, украин халқининг азоб-уқубатларидан дунёни огоҳ этмоқда. АҚШ Конгрессида чиқиш қилган биринчи чет эл давлати президентининг рафиқаси ҳам бўлган. Олена ҳозир урушдан жабр кўрган оилалар ва болаларга руҳий мадад кўрсатиш ишлари билан банд.

Аёллар тинчлик давридагидан ҳам кўпроқ масъулиятни ўз зиммаларига олишган. Бу урушни бошидан кечирган аёллар ҳеч қачон ортга қайтишмайди. Ўз кучимизга бўлган ишонч бундан-да ортишига шубҳам йўқ.

Олена Зеленская

Мария Фернанда Кастро Майа

Мария Фернанда Кастро Майа, Мексика

Ногиронлар ҳимоячиси

Фернанда Кастронинг ақлий имкониятлари чекланган. У ўзига ўхшаш инсонларнинг ҳам сиёсатдаги иштироклари учун курашади. Фернандо "Хьюман Райтс Вотч" томонидан қўллаб-қувватланган ногиронлар ҳуқуқлари ҳимоячилари гуруҳининг аъзоси. Бу гуруҳ Мексикадаги барча сиёсий партияларни ўз сиёсатларини интеллектуал ва ўрганишда нуқсонлари бор инсонлар билан баҳамжиҳат ишлаб чиқишга ундаб келади.

Унинг иши сиёсий қарорлар билан боғлиқ ҳужжатлар тилининг тушунарли бўлиши, ақлий имкониятлари чекланган инсонларнинг ҳам сиёсий партиялар сафларига олиниши ва сайловолди тадбирларида иштирок этишларини таъминлашга қаратилган. Кастро БМТга ногиронлар ҳуқуқлари бўйича ҳисобот тақдим этган Мексика ҳайъатининг таркибида бўлган ва Inclusion International халқаро ногиронлар ташкилотининг вакиласи ҳам саналади.

Сепиде Колиян

Сепиде Колиян, Эрон

Сиёсий фаол

Ҳузистон вилоятидаги ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққани учун Эрон суди ҳуқуқ факультети талабаси бўлган Сепиде Колиянни беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилади. У сўнгги тўрт йилни Эроннинг тўрт хил қамоқхонасида ўтказади. Сўнггида асосан сиёсий маҳкумлар учун мўлжалланган Эвинга кўчирилади.

У қамоқда ҳам фаолиятдан тўхтамайди. Ташқарига ўзи тўқнаш келган “ноинсоний” муносабатни тасвирловчи аудиотасмани чиқаришга муваффақ бўлади. Бошқа маҳкумаларнинг ҳам овозига айланади. Гаров эвазига озодликка чиққач, хотин-қизлар Эрон қамоқхоналарида дуч келаётган “қийноқлар” ва “адолатсизлик” ҳақида китоб ёзади.

Шанель Контос

Шанель Контос, Австралия

Жинсий яқинликка розилик нимани англатишини тарғиб қилувчи фаол

Шанель Контос жинсий таълим ва жинсий алоқа бўйича ҳуқуқий саводхонликни оширишга қаратилган "Бизга розиликни ўргатинг" ҳаракати асосчисидир. 2021 йилда у ўзининг Instagram акаунтида махсус пост чоп қилади. Фолловерларидан ўзлари ёки таниш-билишлари мактабда жинсий зўравонликка дучор бўлганликлари ёки йўқлигини сўрайди. 24 соатнинг ичида унга 200 дан ортиқ одам "Ҳа", деб жавоб беради.

У Австралияда жинсий алоқага розилик нимани англатиши бўйича эртароқ сабоқ берилиши талаби билан петиция бошлайди. Унинг кампанияси туфайли 2023 йилдан бошлаб бу каби таълим барча мактаб ва болалар боғчаларида мажбурий қилиб қўйилади. Энди у одамларга шеригининг розилигисиз ёки ундан яширинча презервативни олиб ташлаш мумкинми ёки йўқлигини ўргатмоқда. Бунга ўхшаш хатти-ҳаракат жиноят сифатида кўрилиши йўлида кампания олиб бораётир.

Эва Копа

Эва Копа, Боливия

Сиёсатчи

Эва Копа собиқ талабалар етакчиси. У Боливиянинг туб аҳолиси - Аймара ҳиндуларига мансуб. Эва Копа Боливия сиёсатини ўзгартира олди. У Эль-Алто шаҳри мэрлиги учун сайловда партиясининг қўлловини қўлга кирита олмайди. Аммо, барибир, уларнинг расмий номзодига қарши чиқади. 69 фоиз овоз билан ғалаба қозонади. Эль-Алто Боливиянинг иккинчи йирик шаҳри бўлади. У яқинда шаҳарнинг хотин-қизлар бўйича режасини эълон қилди. Янги режа сиёсий ва иқтисодий чоралар ёрдамида уларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлашни кўзда тутади.

Копа сиёсатга бегона эмас. У 2015-2020 йиллар оралиғида Боливия Сенати президенти бўлган. Кўпчилик унинг ҳукмрон партия билан келишмовчилигини мамлакат сиёсий ҳаётида турфахиллик томон силжиш сифатида ҳам баҳоламоқда.

Бизга тиз чўккан эмас, балки оёққа турган кўпроқ етакчи аёллар керак.

Эва Копа

Наоми Лонг

Наоми Лонг, Шимолий Ирландия

Сиёсатчи

Ҳозирда собиқ Адлия вазири Наоми Линг Шимолий Ирландияда пайдо бўлаётган жинсий ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларга қарши янги қонунларнинг қабул қилинишида муҳим ўрин тутган. Уларнинг сирасига down-blousing (хотин-қизларнинг либослари остидан ёки тепасидан яширинча суратга олиш) ва cyber-flashing (интернет орқали ўзгаларга ҳаёсиз суратларни юбориш) ҳам киради. Наоми Линг яна жинсий зўравонликни оқлаш учун қўлланувчи “қўпол жинсий алоқа” тушунчасининг бекор қилинишига эришган. У аёл сиёсатчилар тўқнаш келаётган таъқибларга эътиборни тортишга ҳам ҳаракат қилган. Ўзи ҳам кўп бор ўлим таҳдидлари олган.

Наоми Лонг қурилиш муҳандиси соҳасида таълим олган. Шимолий Ирландиянинг "Альянс" партиясига 1995 йилда қўшилган. Белфастнинг лорд-мэри бўлиб ҳам ишлаган. Шимолий Ирландиянинг собиқ Биринчи вазири Питер Робинсонни енгиб, Британия парламенти Вакиллар палатасига сайланган биринчи "Альянс" вакилига айланган. Питер Робинсон бу ўринни 30 йилдан ортиқроқ вақт мобайнида эгаллаб келган.

Биз зўравонлик одатий ҳолга айланган муҳитни озиқлантирувчи стандартларга қарши курашишимиз керак. Биз доимо эркакларнинг устунлиги, сексизм ва мизогинияга қарши туришимиз лозим.

Наоми Лонг

Урсула фон дер Ляйен

Урсула фон дер Ляйен, Германия

Европа Комиссияси раиси

Урсула фон дер Ляйен Европа Комиссиясининг раислигини эгаллаган биринчи аёл сиёсатчидир. У Ангела Меркель ҳукуматида ишлаган. Германиянинг илк аёл Мудофаа вазири бўлган.

Фон дер Ляйен Брюсселда туғилган. Сиёсат билан шуғулланмасдан аввал у иқтисод ва тиббиётни ўрганган. Европа Иттифоқидаги энг юқори лавозимни 2019 йилда эгаллаган. Унинг тайинлови Брексит, Covid-19 ва Украинадаги уруш билан бир пайтга тўғри келган. Бундан ташқари, у жорий йилда қабул қилинган компания бошқарувида мажбурий гендер мувозанати тўғрисидаги қонуннинг қабул қилинишида ҳам фаол ўрин тутган.

Sanna Marin

Номзоди 2020 йил ғолиби, Финляндия Бош вазири Санна Марин томонидан илгари сурилган.

“Европа бирин-кетин инқироз ёқасида қоларкан, Урсула фон дер Ляйен ушбу қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтишда ажойиб қатъият кўрсатди. Мавқеида собит қолди. Замон оғир, аммо у кучлироқ.”

Ойша Малик

Ойша Малик, Покистон

Ҳакам

Ойша Малик бу йил Покистон Олий судидаги илк аёл ҳакамга айланди. У аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи кўплаб ҳукмлар чиқарган. Бу ҳукмларнинг сирасига жинсий зўравонлик қурбонларини "бармоқ билан текшириш"ни бекор қилиш ҳам киради. Жинсий зўравонлик қурбонлари тиббий кўрикдан ўтказилганида уларнинг бокиралиги ҳар доим шу усулда текширилган. Аммо Ойша Малик 2021 йилда буни буткул тўхтатишга муваффақ бўлган.

Олий суддаги иши билан бир қаторда Ойша Малик бутун дунё бўйлаб ҳакамлар учун семинарлар ўтказади. Покистондаги аёл ҳакамларнинг анжуманларида иштирок этади. Суд тизимидаги гендер тенглик каби қатор масалаларни кун тартибига олиб чиқади.

Аёллар ўзларининг қарашларини акс эттирадиган, тажрибаларини баҳам кўрадиган ва ўз кечмишлари билан ўртоқлашадиган янги бир реаллик яратишлари керак.

Ойша Малик

Миа Моттли

Миа Моттли, Барбадос

Бош вазир

Миа Моттли Барбадоснинг биринчи аёл Бош вазири. Шу йил январь ойида қайта сайланган. У 2008 йилдан бери Барбадос Лейбористлар партиясининг етакчиси. Миа Моттли Барбадос Британия Қироллик оиласи билан алоқаларини узиб, монархни давлат бошлиғи, деб тан олишдан воз кечган бир пайтда қудратга келган. Барбадос бунинг ортидан дунёдаги энг ёш республикага айланган.

Моттли глобал иқлим ўзгариши ҳақидаги очиқча чиқишлари билан танилган. БМТнинг сўнгги конференциясида дунёнинг бой давлатларини мазкур муаммога барҳам бера олмасликда айблаган. Агар, зудлик билан чора кўрилмаса, 2050 йилга бориб, бир миллиард одам миграцияга юз тутиши мумкинлиги билан огоҳлантирган.

Зара Муҳаммадий

Зара Муҳаммадий, Эрон

Педагог

Зара Муҳаммадий "Ножин" ижтимоий-маданий уюшмаси асосчиларидан бири бўлади. У ўзининг она шаҳри Санандажда, ўн йилдирки, курд тилини ўргатиб келади.

Эрон конституциясида таълим муассасаларида минтақавий ва этник тиллардан эркин фойдаланишга рухсат берилгани айтилади. Аммо ҳуқуқшунос ва фаолларга кўра, амалда бундай эмас, шунинг учун ҳам болалар мактабда она тилини ўргана олмайди. Эрон ҳукумати Муҳаммадийни "миллий хавфсизликка путур етказиш мақсадида гуруҳлар ва жамиятлар тузиш"да айблаган. Уни беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган. Зара Муҳаммадий шу йилнинг январидан бери қамоқда.

Роза Солиҳ

Роза Солиҳ, Шотландия

Сиёсатчи

Роза Солиҳ 2022 йилнинг май ойида Глазго шаҳар кенгашига сайланган биринчи қочқин бўлган. У оиласи билан бирга Ироқдан қочган. Шотландияга ёш қиз сифатида келган. Ҳозирда у Шотландия Миллатчилар партиясининг маслаҳатчиси. Роза Солиҳ ҳали ўқувчи экан, қочқинлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни бошлаган. Дўстлари билан бирга қочқин танишларининг ҳибсга олинишига норозилик билдирган.

Уларнинг "Глазго қизлари" кампанияси бошпана изловчиларга муносабат масаласига бутун мамлакатнинг эътиборини тортган. Роза Солиҳ "Курдистон билан Шотландия бирдамлиги" ташкилотига ҳам асос солган. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида Туркиянинг курдлар яшовчи минтақаларига ҳам борган.

Симони Тебети

Симони Тебети, Бразилия

Бразилия Федерал Сенати аъзоси

Кўпчилик Симони Тебети мамлакатдаги тобора чуқурлашиб бораётган қутблашувни жиловлай олади, деб ишонади. Бу йилги президент сайловида у учинчи бўлди. 2002 йилда Мату-Гросу-ду-Сул штати парламентига кирган. 2004 ва 2008 йилларда ўзининг она шаҳри Трес-Лагоас ҳокимлигини қўлга киритган. 2014 йилда эса, 52% овоз билан Сенатга сайланган.

Симони Тебети Сенатнинг энг муҳим – Конституция ва ҳуқуқшунослик бўйича қўмитасини бошқарган биринчи аёл бўлади. Ҳуқуқ профессори сифатида у аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш бўйича қўшма қўмитага ҳам раҳбарлик қилган.

Ҳар бир инсон келажак аёлда, аёлнинг ўрни эса, ўзи истаган жойда эканини билиши керак.

Симони Тебети

Кисанет Тедрос

Кисанет Тедрос, Эритрея

Таълим соҳасидаги тадбиркор

Кисанет Тедрос YouTube да эритреялик болаларга она тили ва маданиятини ўргатувчи “Beles Bubu”, деган канал очган. Унинг ўзи Эфиопияда туғилган. Шу боис ҳам, ёшлигиданоқ ўз илдизларидан узилиб қолмаслик учун она тилини билишнинг муҳимлигини тушунган.

Унинг ижодий жамоаси Эритрея, Уганда ва Конго Демократик Республикасилик ҳаваскор сухандон ва графикчилардан ташкил топган. Улар рақамли контент яратишади. Видеолари Эритрея, Эфиопиядан келган ва тигринья тилида сўзлашувчи ота-оналар ҳамда болалар учун мўлжалланган. Тедрос, шуингдек, Уганданинг Кампаласида жойлашган қочқинлар жамлоғидаги болалар учун илк бор фестиваль ҳам ташкил қилган.

Ибийоке Фабороде

Ибийоке Фабороде, Нигерия

ElectHER ташкилоти асосчиси

Ибийоке Фабороденинг ташкилоти Африка сиёсий ҳаётидаги нотенгликка чек қўйиш йўлида кураш олиб боради. Унинг фаолияти қитъа давлатларидаги сайланувчи органларда хотин-қизларнинг улушини кўпайтиришга қаратилган. Африка қитъасидаги 2000 дан аёл аллақачон бунга жалб қилинган. Фабароде томонидан бошланган #Agender 35 кампанияси келаси йилги сайловларда иштирок этаётган 35 аёлни бевосита қўлламоқда. Уларни инсоний ва молиявий ресурслар билан таъминламоқда.

У, шунингдек, сайлов маълумотларини таҳлил қилиш учун Африкадаги биринчи феминистик мобил иловани яратиш ғояси билан ҳам чиққан. Фабароде айни дамда Демократия ва маданият учун жамғармаси етакчилар кенгашида ҳам ишлайди. Мазкур жамғарма демократик жараёнларни такомиллаштириш ишлари билан шуғулланади.

Пак Жи Хён

Пак Жи Хён, Жанубий Корея

Сиёсий ислоҳотлар учун фаол

Пак Жи Хён ҳали университет талабаси экани чоғида Жанубий Кореядаги энг йирик жиноий тўдалардан бирини яширинча фош этишга ёрдам берган. Nth room номи билан танилган мазкур гуруҳ интернет орқали жинсий мазмундаги турли жиноятлар содир этиш билан шуғулланиб келган. Бу йил у ўзининг тажрибаси билан очиқча ўртоқлашган ва сиёсат билан шуғулланишни бошлаган. Ёш хотин-қиз сайловчиларга ўзининг эътиборини қаратган.

Демократик партия президентлик пойгасида ютқазганида, у муваққат лидерлардан бири этиб тайинланган. Пак Жи Хён жинсий заминдаги рақамли жиноятларга қарши курашувчи хотин-қизлар қўмитасининг ҳам аъзоси бўлган. Июнь ойида партия яна мағлубиятга учрайди. Бунинг ортидан Пак Жи Хён истеъфо беради. Ҳозир унинг бирор бир расмий вазифаси йўқ. Аммо сиёсатда гендер тенглик учун курашидан ҳалиям воз кечмаган.

Дунё бўйлаб жинсий заминдаги рақамли жиноятлар аёлларнинг ҳуқуқларига таҳдид солади ва биз бу муаммони биргаликда ҳал қилишимиз керак.

Пак Жи Хён

Жой Нгози Эзейло

Жой Нгози Эзейло, Нигерия

Ҳуқуқ профессори

Жой Нгози Эзейло Нигерия университетининг ҳуқуқшунослик бўйича истеъфодаги профессори ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Одам савдоси бўйича собиқ махсус ҳисоботчиси бўлади. У халқаро инсон ҳуқуқлари соҳасида кўзга кўринган шахсиятлардан бири саналади.

У сўнгги чорак аср давомида ҳаёти ва саломатлиги хавф остида бўлган нигериялик аёллар учун бепул ҳуқуқий ёрдам ва бошпана билан таъминлаб келаётган Women Aid Collective (WACOL) юридик ташкилотининг асосчиси ва раҳбаридир. Мазкур ташкилот шу пайтгача 60 мингдан зиёд одамга ёрдам берган. Жой, бундан ташқари, жинсий зўравонлик жабрдийдаларига тезкор ёрдам ва йўл-йўриқ кўрсатувчи махсус марказга ҳам асос солган.

Chimamanda Ngozi Adichie

Номзоди 2021 йилги ғолиб Чимаманда Нгоҳзи Адичи томонидан кўрсатилган.

“Профессор Эзейло камбағаллар, айниқса, ҳуқуқлари топталган аёллар ва қизларга бепул ҳуқуқий кўмак кўрсатиш билан кўплаб инсонларнинг ҳаётларини ўзгартирган.”

Чжэн Янь

Чжэн Янь, Тайвань

Буддавий хайриячи

Дҳарма устаси Чжэнь Янь Тайванда замонавий буддизм ривожида муҳим ўрин тутган энг нуфузли шахслардан бири ҳисобланади. У "Цзи Чи" гуманитар фондига асос солган. Чжэнь Янни баъзида "Осиёнинг Тереза онаси", деб ҳам аташади.

У ўз фондига 1966 йилда, атиги 30 нафар уй бекаси муҳтож оилаларга ёрдам бериш учун пул тўплаган бир пайтда асос солган. Ҳозир унинг бутун дунё бўйлаб миллионлаб издошлари бор. Жамғармаси бугунги кунда халқаро ва тиббий ёрдам кўрсатади. Мактаблар ва касалхоналарни бошқаради. Чжэн Янь ҳозир 80 дан ошган. Энди хайрия акцияларини унинг издошлари ўтказишмоқда. Улар яқинда урушлар гирдобидаги Украинадан келган қочқинларга ҳам молиявий ва моддий ёрдам кўрсатишган.

Эрика Ҳилтон

Эрика Ҳилтон, Бразилия

Сиёсатчи

Эрика Ҳилтон Бразилия Миллий Конгресси депутатлигига сайланган биринчи қора танли трансгендер аёлдир. Эрика Ҳилтон ирқчиликка қарши кураш олиб боради. Инсон ҳуқуқлари ва ЛГБТК+ жамоатининг ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Анъанадор оиласи ўсмирлик пайтида уни кўчага ҳайдаган. У маълум муддат кўчада ҳам қолган. Кейин университетга кирган. Талабалар ҳаракатида тажрибага эга бўлган Ҳилтон Сан-Паулуга кўчиб ўтган. Бунинг ортидан сўлчи PSOL партиясига қўшилган. У 2020 йилда шаҳар кенгашига сайланган. Бразилиянинг энг йирик шаҳрида очликка қарши курашиш учун муниципиал фонд ташкил этиш тўғрисидаги қонунга муаллифлик ҳам қилган.

Қора танли, Лотин америкасилик, оқ танли, камбағал, бой, цисгендер ёки трансгендер бўлишимидан қатъиназар, биз тенг ҳуқуқ, тенг маошга эришиш ва гендер зўравонликка чек қўйиш учун курашаяпмиз.

Эрика Ҳилтон

Маданият ва Спорт

Билли Айлиш

Билли Айлиш, АҚШ

Хонанда ва бастакор

"Грэмми" мукофоти совриндори ва супер юлдуз Билли Айлиш вояга етмаган қизларни жинсий эксплуатация қилаётганларни жавобгарликка тортишга чақирувчи Your Power идан тортиб, иқлим ўзгариши ҳақида куйланувчи All The Good Girls Go To Hell ашуласигача - ўз ижодида энг долзарб мавзуларни тилга олиш билан танилган.

У кечаётган йилда Гластонбери фестивалининг энг ёш иштирокчиси сифатида тарихга кирган. Ўзининг фестивалдаги чиқишидан фойдаланиб, АҚШ Олий судининг абортга бўлган конституциявий ҳуқуқни бекор қилиш қарорига эътироз билдирган. Ташқи кўринишини идрок этиш билан боғлиқ муаммолар, депрессияга тушган пайтлари ва Туретт синдроми билан қандай яшаётгани ҳақида очиқча гапирган.

Яшаётган замонимиздан нолимайман. Аёллар етакчи мавқеъларни эгаллашмоқда. Аммо ўзимга ўхшаган қизларни жиддий қабул қилишмайди деб, умидсизликка тушиб қолган пайтларим ҳам бўлган.

Билли Айлиш

Дима Актаа

Дима Актаа, Сурия

Югурувчи

2012 йилда Дима Актаанинг Суриядаги уйи бомбаланган. У ўшанда оёғини ва ўзининг севимли машғулоти бўлган югуриш қобилиятини йўқотган. БМТ нинг маълумотларига кўра, сурияликларнинг 28 фоизчаси ногиронликка эга. Бу глобал ўртача кўрсаткичдан деярли икки баравар кўп. Ўн йил ўтиб, Актаа Буюк Британияда. У ҳозир 2024 йилги Паралимпия Ўйинларига ҳозирлик кўрмоқда.

Дима пандемия пайтида қочқинлар учун пул тўплайди. У Англиянинг Lionhearts муқобил футбол жамоасининг аъзоси ҳам саналади. Диманинг кечмиши яқинда поп юлдузи Анн-Марининг "Beautiful" мусиқий клипида ҳам ўзининг ифодасини топди. У ногиронларнинг қатъиятлилиги ва интилишларидан барчанинг хабардор бўлишини истайди. Шунга астойдил ҳаракат қилади.

Зар Амир-Иброҳимий

Зар Амир-Иброҳимий, Эрон

Актриса

Кечаётган йилда актриса ва режиссер Зар Амир-Иброҳимий танасини сотиш билан шуғулланган аёлларни таъқиб қилган серияли қотилнинг ҳақиқий ҳикоясига асосланган "Муқаддас ўргимчак" фильмидаги роли учун Канн фестивалида тақдирланган. У мазкур нуфузли фестивалнинг "Энг яхши аёл роли" учун мукофотини қўлга киритган.

Зар Амир-Иброҳимий ишқий ҳаёти билан боғлиқ туҳматлар остида қолади. Таъқиблардан қочиб, Эронни тарк этишга мажбур бўлади. 2008 йилда у Парижга кўчиб ўтади. Ўзининг Alambic Production продюсерлик компаниясига асос солади, камера ортида ҳам, қаршисида ҳам ўзининг таъсирли ижодини давом эттиради.

Сельма Блэр

Сельма Блэр, АҚШ

Актриса

Сельма Блэр ўзининг "Cruel Intentions", "Legally Blonde" ва "Hellboy" фильмларидаги роллари билан танилган америкалик актрисадир.

2018 йилда тарқоқ скелероз ташхиси қўйилганидан сўнг, у ўзининг аҳволи ва қийинчиликлари ҳақида очиқча гапириб, касаллик ҳақида хабардорликни оширгани учун мақтовга сазовор бўлди. Кечаётган йилда ўзининг "Зиқна чақалоқ", деб номланувчи хотира китобини чиқарган. Ҳаракатланиш ва хатти-ҳаракатларини мувофиқлаштиришга қийналувчи одамлар учун ҳам боп пардоз-андоз маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ширкат билан ҳамкорлик қила бошлаган.

Мен кўп нарсалар учун ҳукм қилиниши ва кучи осонгина қирқилиши мумкин бўлган оғир ўтмишни бошдан кечирганман. Аммо бошқа аёлларнинг қўллаб-қувватлови билан мен ҳалиям шу ердаман.

Сельма Блэр

Эсраа Варда

Эсраа Варда, Жазоир

Раққоса

Эсраа Варда Америка Қўшма Штатларидаги Жазоир диаспорасида дунёга келган. У ўзини маданият жабҳасида анъанавий Жазоир рақсини уйнинг меҳмонхонасидан мактаб синфхонасигача олиб бора олган курашчи санайди. Варда Шимолий Африканинг маданий анъаналари, айниқса, аёллар рақсларини асраб қолиш тарафдори. У ўзининг асосий эътиборини тарихан ижтимоий норозилик билан уйғунликда кўрилган Raï анъанасига қаратади. Raï араб, африка, француз мусиқаси унсурлари ва баъдавий қўшиқларини ўз ичига олади.

Эсраа Шайх Робиянинг шогирди бўлади. У анъанавий Raï услубининг саноқли усталаридан бири саналади. Раққоса ижодий сафар ва маҳорат дарслари билан Вашингтондан тортиб Лондонгача – бутун дунёни кезиб чиққан.

Велия Видаль

Велия Видаль, Колумбия

Ёзувчи

Велия Видаль Колумбиянинг Эль-Чоко минтақасидан. У ҳикоянавис ва маданият тарғиботчиси. Бошқалар билан бирга мутоала қилишни ёқтиради. Китобхонлик, саводхонлик ва Чоконинг ўзига хос маданиятини тарғиб қилувчи Motete ташкилотига ҳам асос солган. Мотете, шуингдек, Чокода китобхонлик ва саводхонлик кечаларини ҳам уюштиради. Видал адабиёт Колумбиянинг бу энг қашшоқ минтақаларидан бирида тенгсизлик ва ирқчиликка қарши курашда иш беришига ишонади.

Унинг яқинда чоп этилган Aguas de Estuario китоби Колумбия Маданият вазирлигининг афро-колумбиялик муаллифлар учун ажратган илк грантини ютиб олди. У Британия музейи билан ҳамкорликда ташкил қилинган Afluentes лойиҳасининг тадқиқотчиларидан бири ҳамдир.

Биз ҳозир аёлларга қарши тарихий зулм ва унга чек қўйиш зарурлигини яхшироқ биламиз. Аммо ирқчилик афро-колумбияликлар ва туб аҳоли орасида бу каби бир зулмни қанчалик кучайтираётганини ҳалича англаб етганимиз йўқ.

Велия Видаль

Унс Жабир

Унс Жабир, Тунис

Теннисчи

2022 йилги Уимблдон чемпионатидаги тарихий иштирокидан ортидан, тунислик теннис юлдузи Унс Жабир Катта дубулға турнири финалига чиққан араб ёки африкалик биринчи аёлга айланган. Орадан бор-йўғи бир неча ой ўтиб, Унс US Open да ҳам худди шундай муваффақиятга эришган.

Унс Жабир теннис ўйнашни 3 ёшдан бошлаган. У ҳозир 28 ёшда. Аёллар Теннис Ассоциацияси (WTA) рейтингида 2-ўринни қайд этиб турибди. Бу хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, бир африкалик ёки араб теннисчи эгаллашга муваффақ бўлган энг юқори поғона бўлади. Жабир учта WTA яккалик турнири ғолиби ва теннисчиларнинг янги авлодлари учун намунадир.

Снеҳа Жавале

Снеҳа Жавале, Ҳиндистон

Ижтимоий ходим

2000 йилнинг декабрь ойида Снеҳанинг ота-онаси қизларининг сепи борасида куёвнинг оиласига берган ваъдаларини бажара олишмайди. Бунинг ортидан, эри унга керосин сепиб, ўт қўяди. Оиласи полицияга шикоят қилмайди. Эри ташлаб, ўғлини ҳам ўзи билан олиб кетгач, у ўз ҳаётини қайта тиклашга қатъий аҳд қилади. Фол карталарини ўқиш ва сценаристлик каби юзини кўрсатиши шарт бўлмаган ишлар билан шуғулланади.

Жавалени “Нирбайа” (ҳиндчада निर्भया — "Қўрқмас") спектаклида ўйнашга ҳам таклиф қилишади. Оммавий ахборот воситалари 2012 йилда Деҳлида юз берган гуруҳ бўлиб зўрлаш қурбонини худди шу ном билан аташган. Спектакль зўравонлик жабрдийдаларининг кечмишларига асосланган. Бутун дунё бўйлаб томошабинлар қаршисида чиқиш қиларкан, у ўзидаги қўрқувни енга олади.

Сўнгги 10 йил ичида ўт қўйилган ёки кислота сепилганидан кейин омон қолганларга нисбатан жамоатчиликнинг муносабати ўзгарди. Мен ўзимни “Дунё гўзали” ва ё “Коинот гўзали”дан ҳеч бир жиҳатдан паст олмайман. Мен гўзалликда уларда қолишмайман, деган бўлардим.

Снеҳа Жавале

Рима Жуфали

Рима Жуфали, Саудия Арабистони

Автопойгачи

Рима Жуффали 2018 йилда илк профессионал аёл автопойгачи сифатида тарихга кирган. У бу йил International GT Open пойгасида қатнашиш ва мамлакатининг ундаги иштирокини яхшилаш учун ўзининг Theeba Motorsport жамоасига асос солган. Рима ва унинг жамоаси мазкур спорт турини оммалаштириш мақсадида таълим дастурларини ишлаб чиқиш билан ҳам шуғулланади.

Дунё бўйлаб бошқа аёл пойгачиларга намуна бўлган Рима яна биринчи бўлмоқчи. У бу гал ўзининг жамоаси билан 24 соатлик нуфузли Le Mans пойгасида иштирок этмоқчи.

Жамиятда аёллар учун кўплаб стереотиплар ҳануз сақланиб қолмоқда. Муҳим ва барқарор ўзгаришлар учун оила баробарида бутун жамиятнинг ҳам қўллови керак.

Рима Жуфали

Она Карбонель

Она Карбонель, Испания

Сузувчи

Она Карбонель синхрон сузиш билан шуғулланади. У оналикни юқори спорт турлари билан бемалол уйғунлаштириш мумкинлигини кўрсатиш ҳаракатида. Олимпиада Ўйинларининг уч карра иштирокчиси. Кумуш ва бронза медали совриндори. Жами медалларининг сони эса, 30 дан ортади.

У 2020 йилда биринчи фарзандини дунёга келтиради ва Токио Олимпиадасига тайёргарлигини бошлайди. У ўйинлар пайтида боласини эмизишни тақиқловчи тартиб-қоидаларга қарши чиқади. Кечаётган йилда эса, иккинчи бор она бўлади. У оналикни спорт билан уйғунлаштириш мумкинлигини бошқа аёл спортчиларга кўрсатиш учун ҳужжатли фильмга ҳам тушади.

Ми Кхён (Майки) ЛИ

Ми Кхён (Майки) ЛИ, Жанубий Корея

Продюсер

Майки Ли санъат ва маданият ривожининг фаол қўлловчиси. Корея маданиятининг дарғаларидан. K-pop нинг дунёни забт этишида катта ўрин тутган. KGON - Корея поп мусиқаси фестивалининг меъморларидан. Майки Ли, бундан ташқари, "Йилнинг энг яхши фильми" номинациясида Оскар мукофотига лойиқ кўрилган "Паразитлар" фильмига ижрочи продюсерлик ҳам қилган.

Ли Жанубий Кореянинг CJ ENM кўнгилочар конгломерати - қудратли кино ва телестудия, кабель оператори ва продюсерлик ширкатининг вице-президенти ҳам бўлади.

Rebel Wilson

Номзоди 2021 йилнинг ғолиби, актриса Ребел Уилсон томонидан илгари сурилган.

“У бошдан-оёқ хотин-қизлар қудратининг сиймоси. Мен учун намуна. У ўз маданиятини бутун дунёга энг олий даражада намоён этиб, тарғиб қила олган." - Ребел Уилсон

Лора Макалистер

Лора Макалистер, Уэльс

Профессор ва собиқ футболчи

Лора Макалистер Уэльс аёллар футбол жамоасининг собиқ сардори. Спорт бошқарувида бир қанча юқори лавозимларни эгаллаган. У ҳозирда UEFA Аёллар футбол қўмитаси раиси ўринбосари. 2021 йилнинг апрель ойида FIFA кенгашидаги UEFA вакили лавозимига ҳам ўз номзодини қўйган. У Уэльс Футбол ассоциацияси бошқаруви директори ҳам бўлади.

Макалистер ҳозирда Кардифф университети профессори ва Уэльс сиёсати бўйича мутахассис. Бу йил Уэльс уни Қатардаги жаҳон чемпионатига ЛГБТК+нинг спорт элчиси этиб танлади. Стадионга кирган пайтида эса, ундан ЛГБТК+ жамоаси рамзи бўлган камалак рангдаги бош кийимини ечишни сўрашди.

Милли

Милли, Таиланд

Рэпер

Рассом ва бастакор Данупа Ханатииракул кўпроқ саҳнадаги номи Милли билан танилган. У ўз ижоди ёрдамида ҳақиқатдан йироқ гўзаллик меъёрлари ва розиликсиз жинсий яқинлик каби муаммоларга эътибор қаратади. Бир неча тил ва лаҳжаларда рэп айтади. Таиланддаги трансгендер жамиятининг жаргонларидан ҳам фойдаланади. У яқинда ўзининг BABB BUM BUM деб номланувчи илк мусиқий альбомини ҳам чиқарган.

Ўзларидаги стереотиплар ва Таиланд ҳукуматига қарши чиқиб, миллий ширинликлари саналувчи манголи гуручни ҳам шундоққина саҳнанинг ўзида еб, у шу йил Калифорнияда бўлиб ўтган мусиқа ва санъат фестивалида катта шов-шувга сабаб бўлган. Милли Таиланд ҳукуматининг коронавирус пандемиясига қарши сиёсатини танқид қилгани учун ўтган йил бўҳтон қилиш каби айбловларга ҳам юз тутган. Ўшанда #SaveMilli хэштеги трендга чиққанди.

Рита Морено

Рита Морено, Пуэрто-Рико/АҚШ

Актриса

Камдан-кам санъаткорларгина EGOT мақомига эга бўлишади. Бу уларнинг ижодда ажойиб ютуқларга эришишгани, “Эмми”, “Грэмми”, “Оскар” ва “Тони” мукофотларини қўлга киритганликларини англатади. Морено улардан бири. Пуэрто-рикалик актриса, қўшиқчи ва раққоса 13 ёшида Бродвейда илк бор чиқиш қилган. Бу унинг етмиш йиллик ёрқин ижодининг дебочаси бўлган.

У “Singin’ in the Rain” ва “The King and I” фильмларида кўриниш берган. Аммо унга “Оскар” мукофотини “West Side Story” оригиналидаги Анита роли келтирган. У ўшанда “Оскар”ни қўлга киритган Лотин америкасилик биринчи актрисага айланган. Стивен Спилберг эса, ҳатто 90 ёшдан ошиб қолган бўлса ҳам, ўзининг машҳур ремейкида ўйнаши учун унга роль ўйлаб топган.

Салима Радия Мукасанга

Салима Радия Мукасанга, Руанда

Футбол ҳаками

Жаҳон футболи учун тарихий лаҳза: ФИФА Салима Радия Мукасангани Қатар мезбонлик қилаётган эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ишловчи илк уч аёл ҳакамдан биттаси этиб тайинлайди. Бунақаси эса, биринчиликнинг 92 йиллик тарихида кузатилмаган.

Салима Радия Мукасанга ўтган йили Африка Миллатлар Кубогида ишлаган биринчи аёл ҳакам сифатида ҳам тарихга кирган. Кейин Токио Ёзги Олимпиадасида ҳакамлик қилган. Ундан аввал эса, аёллар ўртасидаги энг нуфузли халқаро футбол беллашувларни бошқарган. Спорт соҳасига кирмасидан аввал дояликни ўқиб, ўрганган.

Алла Пугачева

Алла Пугачева, Россия

Хонанда ва бастакор

Хонанда ва бастакор Алла Пугачеванинг 250 миллиондан ошиқ дисклари сотилган. Унинг репертуаридаги қўшиқлари сони 500 дан ортади. 100 та мусиқий альбом чиқарган. Алла Пугачевани ҳақли равишда "рус эстрадасининг қироличаси", деб аташади. У ўзининг тоза меццо-сопрано овози билан танилган. Ҳозир қўшиқ айтмайди.

Алла Пугачева ўз ижоди учун Россияда кўп бор тақдирланган. Аммо айни пайтда бу унинг ҳукуматга қарши чиқишига тўсқинлик қила олмаган. Хонанда яқинда ўзининг 3,6 миллион фолловери бўлган Instagram даги акаунтида Украина урушини ошкора қоралаган. Пости учун мақтовлардан тортиб, Ватанга хиёнат қадар айбловлар остида ҳам қолган.

Дунё аёлларнинг таълим олиши ва молиявий мустақиллиги учун курашда сезиларли ютуқларга эришди. Аммо кўпгина давлатларда маиший зўравонлик ҳануз катта муаммолигича қолаётир.

Алла Пугачева

Элноз Рекобий

Элноз Рекобий, Эрон

Альпинист

Шу йил октябрь ойида Жанубий Кореяда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида эронлик альпинист Элноз Рекобий ҳижобсиз беллашади. Бу унинг мамлакатидаги мажбурий ҳижоб қийишга қарши норозилик намойишлари фонида юз беради. У чемпионатда тўртинчи ўринни эгаллайди. Аммо эронлик намойишчилар орасида машҳурлашиб кетади. Уни катта сондаги одам Теҳрон аэропортида қарши олади. Элноз ижтимоий тармоқларда ҳам олқишланади.

Кейинроқ унинг Instagram даги саҳифасида ҳижоби “тасодифан” тушиб қолганига оид пост пайдо бўлади. Давлат каналида узатилган махсус интервьюсида эса, спортчи "тушунмовчилик ва хавотирлар" учун Эрон халқидан узр сўрайди. Бироқ Би-би-си Форс хизмати манбасига кўра, у шундай деб айтишга мажбур бўлган.

Юлимар Рохас

Юлимар Рохас, Венесуэла

Енгил атлетикачи

Юлимар Рохас уч карра жаҳон чемпиони ива Олимпиада совриндори. Ўйинларнинг олтин ва кумуш медалларини олган. Шу йил март ойида жаҳон рекордини ҳам ўрнатган. Енгил атлетика бўйича ёпиқ иншоотларда бўлиб ўтган жаҳон биринчилигида уч ҳатлаб сакраш бўйича аёллар ўртасида 15,74 метрлик натижа қайд этган. Энди у 16 метрга сакраб, ўзи ўрнатган ана шу рекордни янгилаш учун машқ қилмоқда.

Венесуэланинг Каракас шаҳрида туғилган ва Кариб денгизи соҳилидаги камбағал ҳудудда ўсган спортчининг айтишича, камтарона ҳаёти муваффақиятга эришишига ёрдам берган. Ҳозирда "Барселона" ФК атлетика жамоаси аъзоси бўлган Рохас мамлакатида қаҳрамон сифатида кўрилади. Рохас очиқча лесбиян ва ЛГБТК + жамоасининг ҳуқуқлари учун ҳам курашиб келади.

Биз, аёллар қўрқмаслигимиз керак. Биз учун имконсиз нарсанинг ўзи йўқ. Кучимизга етарлича баҳо бермасликлари аллақачон аён. Аммо биз катта ғурур билан нималарга қодир эканимизни кўрсатиб қўйганмиз.

Юлимар Рохас

Нана Даркоа Секияма

Нана Даркоа Секияма, Гана

Ёзувчи

Унинг “Африкалик аёлларнинг жинсий ҳаёти” китоби Publishers Weekly журнали томонидан мақталган. Нашр ўзининг шарҳида бу асарни “жинсий озодликка интилишнинг ажойиб ҳикояси”, деб атаган. The Economist эса, уни йилнинг энг зўр китобларидан бири сифатида тан олган. Мазкур китоб бутун қитъа ва диаспоралар овозини ўзида акс эттирган.

Ёзувчи ва феминист Нана Даркоа Секияма "Африкалик аёллар ётоқхоналаридаги саргузаштлар", деб номланувчи веб сайт, подкаст ва фестивал ҳамасосчиларидан бири ҳам бўлади. У африкалик аёлларнинг жинсий яқинлик, эҳтирос ва завқларидан ҳикоя қилади.

Феминистлар аёллар ўзларини бемалол ҳис эта олишлари мумкин бўлган маконни яратишга муваффақ бўлишди. Аммо биз қаршиликка ҳам дуч келаяпмиз. Бу бизнинг ютуқларимиз натижасидир. Салбий муносабат эса, айниқса, гендер ва жинсга мос келмайдиган одамларга таъсир қилади.

Нана Даркоа Секияма

Салли Скейлс

Салли Скейлс, Австралия

Рассом

Санъат бўйича маслаҳатчи Салли Скейлс 2022 йилда референдум арафасида Австралия ҳукумати билан ишловчи гуруҳга тайинланади. Бу гуруҳ “Парламентга овоз”, деб номланади. Агар, мазкур тарихий маслаҳатлашув иш берса, туб аҳоли вакиллари парламентдаги барча жараёнларда доимий вакилларига эга бўлишади.

Скейлс таниқли маданият арбоби ҳамда рассом. У жанубий Австралиянинг узоқ ғарбидаги Анангу Питьянтьятжара Янкунитжатжара ерларида аборигенлар оиласида туғилган. Скейлс APY раислигигача кўтарила олган тарихдаги иккинчи аёл. Бундан ташқари, у Art Center Collective гуруҳининг вакили. Бу гуруҳ Австралиядаги туб аҳоли вакилларининг маданий ва иқтисодий ташаббусларини ифода этади.

Julia Gillard

Унинг номзодини 2018 йилги ғолиб, Австралиянинг собиқ Бош вазири Жулия Гиллард илгари сурган.

"Саллининг санъати ажойиб ва инсоний тушунчага эга. У одамларга маърифат тарқатади ва уларни илҳомлантиради. Рассом шу йўл билан ирқчилик ва сексизмнинг ҳалокатли қоришиқлигига чек қўйиш учун лозим бўлган кўплаб ўзгаришларга хизмат қилади.

Александра Скочиленко

Александра Скочиленко, Россия

Рассом

Александра Скочиленко Санкт-Петербурглик рассом. У супермаркетлардаги нарх ёрлиқларини Украина урушига оид хабарлар, шу жумладан, Мариуполь театридаги ҳаво ҳужумида қурбонлар бўлганларнинг эҳтимолий сонига оид маълумотлар билан алмаштиргани учун ҳибсга олинган. Бошқа бир харидор масъулларга у ҳақда хабар берган. Александра Скочиленко Россия Қуролли кучлари ҳақида "дезинформация" тарқатишни тақиқловчи қонун доирасида айбланган.

Александра Скочиленко ҳозир вақтинчалик тергов изоляторида, ҳукм чиқарилишини кутмоқда. У ўзини виждон маҳкуми, деб ҳисоблайди. Рассом 10 йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.

Александра Скочиленко “Депрессия ҳақида китоб” ва “Мания нима?” деб номланувчи руҳий саломатликка оид комикслар ҳам ёзган. Дугонаси унинг ҳибсхонадаги соғлиғидан хавотирда эканини айтган.

Кадри Цзян

Кадри Цзян, Гонгконг

Либослар дизайнери

Кадри Цзян кексалар ва имконияти чекланган инсонлар учун чиройли либослар яратишга иштиёқманд. У онаси Офелия Цзян билан бирга 2018 йилда RHYS мослашувчан модалар брендига асос солган. Икковлонни бунга унинг бувиси руҳлатирган. Кадри кексалар учун мўлжалланган либослар улар учун боп эмас, деган фикрда.

Цзян университетда либослар дизайни бўйича таҳсил олган. У ўзининг билимларини хоҳ велкро маҳкамлагичлари бўлсин, хоҳ катетерни ушлаб турувчи сумкачалар, мижознинг эҳтиёжлари билан уйғунлаштиришга ҳаракат қилади. Унинг фирмаси яна кам таъминланган оилалардан бўлган 90 нафар аёлга иш берган, ўқитган. Бу аёлларнинг орасида жисмоний имконияти чекланганлари ҳам бор. Цзян 2022 йилда замонавий функционал маҳсулотларни тарғиб қилувчи янги Boundless брендига ҳам асос солган.

Сара Чан

Сара Чан, Жанубий Судан

NBA скаути

Сара Чан собиқ профессионал баскетболчи. Ҳозир Жанубий Судан ва Кенияда ўсмирларга устозлик қилади. Уларга спортни ўргатади. Сара Чан, шунингдек, NBA нинг Toronto Raptors баскетбол жамоаси учун скаутлик ҳам қилади. У бу соҳада Африкадаги биринчи аёл менежер бўлади.

Саранинг оиласи Судандаги фуқаролар урушидан Кенияга қочган. Унинг баскетболдаги карьераси айнан ўша ерда бошланган. У Американинг Теннесси штати Жексон шаҳридаги Юнион университети стипендиясини олган. Африка ва Европада профессионал даражада баскетбол ўйнаган. Чан Home At Home / Apediet Foundation нодавлат ташкилотига ҳам асос солган. Ташкилоти эрта никоҳларга қарши чиқади, таълимга тарафдорлик қилади ва ёшларни тарбиялаш учун спортдан фойдаланади.

Сиз ўз орзуингиздаги одамсиз. Шундай экан, орзу ва умидларингизга муносиб келажакка ишонинг.

Сара Чан

Приянка Чопра Жонас

Приянка Чопра Жонас, Ҳиндистон

Актриса ва продюсер

Приянка Чопра Жонас Болливуднинг энг ёрқин юлдузларидан бири бўлади. У 60 дан ортиқ фильмда суратга тушган. Собиқ “Дунё гўзали” кинодаги дебютини 2002 йилда қилган. Кейин Голливудда ҳам суратга туша бошлаган. 2015 йилда эса, Американинг "Куантико" телесериалида бош роллардан бирини ижро этган Жанубий осиёлик илк актриса сифатида тарихга кирган.

У, шунингдек, Голливуднинг “Хўш, бу романтик эмасми?” ва “Матрица: Қайта тирилиш” фильмларида суратга тушган. Чопра ўзининг продюсерлик компаниясини ҳам очган ва Ҳиндистонда фильм олади. У ЮНИСЕФнинг Эзгу ният элчиси ҳам бўлади. Болалар ҳуқуқлари ва қизларнинг таълимига эътибор тортиб келади.

"MeToo – Мен ҳам” ҳаракати – бир-бирини қўллаб-қувватлаб, бир-бирининг ҳимоясига чиққан аёлларнинг якдил овозида қандайдир жуда катта куч бор.

Приянка Чопра Жонас

Гитанжали Шри

Гитанжали Шри, Ҳиндистон

Ёзувчи

Романнавис ва ёзувчи Гитанжали Шрининг “Қум қабри” асари бу йил халқаро “Букер” мукофотига лойиқ, деб топилди. У бу мукофотни қўлга киритган биринчи ҳинд ёзувчиси сифатида тарихга кирди.

У ўзининг бадиий асарларини ҳиндчада, публицистик ишларини эса, ҳиндчадан ташқари яна инглиз тилида ҳам яратади. Ижодкорнинг инновацион тил техникаси ва тузилиши билан ажралиб турувчи асарлари жаҳоннинг ва Ҳиндистоннинг кўплаб бошқа тилларига таржима қилинган. Шунингдек, у ўзи асосчиларидан бири бўлган “Вивади” театри учун сценарийлар ҳам ёзади.

Аёллар ҳар доим ўзларининг хос ўринларини эгаллашга муваффақ бўлишган. Гарчи маданиятлар ва ижтимоий синфлар бўйича нотекис тақсимланган бўлса-да, бизнинг давримиз улар учун ҳаётнинг барча соҳаларида ажойиб тараққиёт билан ажралиб туради.

Гитанжали Шри

Фаоллик ва Аёллар ҳуқуқлари ҳимояси

Лина Абу Акле

Лина Абу Акле, Фаластин ҳудудлари

Ҳуқуқ ҳимоячиси

Лина Абу Акле "Ал-Жазира" телеканали мухбири Ширин Абу-Акленинг жияни. Журналистнинг ўзи шу йил май ойида, Исроил кучларининг ишғол остидаги Ғарбий Соҳилга уюштирган рейдларини ёритиш чоғида қурбон бўлган. Исроил томони бунга ўзининг расмий изоҳини билдирган. Журналистни ҳарбийларидан бири катта эҳтимол билан "адашиб" ўлдириб қўйганлигини айтган.

Лина ҳозир холасининг ўлими юзасидан адолатни қарор топтиришга қаратилган кампаниянинг юзига айланган. У халқаро алоқалар бўйича магистр ва инсон ҳуқуқлари соҳасига ихтисослашган. Лина кечаётган йилда ўз фаолияти учун Time журнали томонидан бўлажак 100 етакчидан биттаси сифатида тилга олинган.

Биз ишимизни холам Ширин Абу Акле тўхтатган жойдан давом эттиришимиз керак. Тарқатаётган хабарларимиз, маълумотларимиз холис, аниқ ва тўлиқ бўлиши учун аёллар нуқтаи назарини бериб боршимиз лозим. Чунки буни аёлларсиз амалга ошириб бўлмайди.

Лина Абу Акле

Велмарири Бамбари

Велмарири Бамбари, Индонезия

Фаол

Велмарири Бамбари Индонезия пойтахтидан узоқда, Сулавеси оролида ишлайди. У жинсий зўравонлик қурбонига айланган аёлларнинг ҳуқуқлари учун курашади. Фаол маҳаллий кенгаш аъзоларини бу каби аёлларни жаримага тортишга қаратилган эски тартиб-қоидалардан воз кечишга кўндирган.

Индонезияда "қишлоқни тозалаш" анъанаси бор. Унга мувофиқ, "урф-одатларни таҳқирлаганлар" жарима тўлаши керак. Бу ҳатто қурбонларга ҳам тегишли. Бамбарини кўпчилик билади. У жинсий зўравонликка оид шикоят тушгач, полиция кўмак сўраб, боғланувчи биринчи инсон бўлади. Фаол кечаётган йилда жинсий зўравонлик билан боғлиқ қатор маҳкама ишларида ҳам қатнашган.

Жисмоний имкониятим чекланган бўлса ҳам, мен ўз кучимни ён-атрофимдаги аёлларнинг молиявий мустақилликка эришишларига имкон яратишга сарфламоқчиман.

Велмарири Бамбари

Тарана Бёрк

Тарана Бёрк, АҚШ

Фаол

#MeToo хэштеги 5 йил аввал оммалашган. Унга дунё бўйлаб миллионлаб жинсий зўравонлик қурбонлари қўшилишган. Улар ҳам ўз кечмишлари билан ўртоқлашишган. Аммо бу ҳаракатга аслида анча аввал, 2006 йилда ўзи ҳам худди шу каби зўравонлик қурбони бўлган Тарана Бёрк асос солган. Фаол аёлларга нисбатан зўравонликдан огоҳликни ошириш мақсадида бу иборани ўйлаб топган.

2017 йилда актриса Алиссо Миланонинг твити MeToo ҳаракатига янги туртки берган. Бу аёлларга нисбатан муносабат ҳақида глобал баҳсу мунозараларга замин яратган. Зўравонлик қурбонларининг ўз кечмишлари ҳақида очиқ гапиришларига имкон берган. Бёрк ҳозир ҳам зўравонлик қурбонларини ҳимоя қилади. Жамиятни ўзгартириш йўлидаги курашини ҳам давом эттирмоқда.

Жеральдина Гуэрра Гарсес

Жеральдина Гуэрра Гарсес, Эквадор

Фемицидга қарши фаол

Жеральдина Гуэрра Гарсес 17 йилдан буён фаол. Эквадордаги зўравонлик қурбонларини ҳимоя қилади. Жамиятга муаммони яхшироқ етказиш учун гендер асосдаги қотилликлар - фемицидга оид маълумотларни йиғиш билан шуғулланади.

У "Хотира картографияси" лойиҳасига асос солган. Фемицид қурбонларининг "жонли харитаси"ни яратишни мақсад қилган. Унинг фикрича, шу йўл билан жамиятда гендер зўравонлигига нисбатан анъанавий муносабатни ўзгартириш мумкин. Гуэрра "Феминистлар Иттифоқи" ва Гендер Зўравонлигига қарши Лотин Америкаси тармоғи учун аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолларини ҳужжатлаштириб боради. Бундан ташқари, у Aldea жамғармаси вакилларидан бири ва Эквадордаги аёллар учун шелтерлар тармоғи асосчиси ҳамдир.

Фемицидга қарши қаттиқ чора кўрилмаса, бундан ҳеч кимга фойда бўлмайди. Янги қонунчиликка қарамай, аёллар ҳамон ўлдирилмоқда ва бунга чек қўйилиши лозим.

Жеральдина Гуэрра Гарсес

Мод Гоба

Мод Гоба, Буюк Британия

Жинсий озчиликлар ҳуқуқлари бўйича фаол

Мод Гоба Буюк Британияда қочқин мақомини олади. Шундан сўнг у қарийб 20 йил давомида қочқинларнинг Британия жамиятига интеграциялашуви билан шуғулланувчи маҳаллий ташкилотларда ишлайди. У ҳозир Micro Rainbow жамғармаси миллий раҳбари. Бу жамғарма миллий озчиликларнинг жамиятга интеграциясига ва уларни бошпана билан таъминлашга ёрдам беради. У ҳар йили уйсизларнинг 25 000 тунни ёпиқ иншоот остида ўтказишларига имкон берувчи уй-жой лойиҳасини ҳам бошқаради. Шунингдек, бандлик дастурида ҳам иштирок этади.

Гоба яқинда Афғонистондан Буюк Британияга келган LGBTK+ жамоаси вакилларини интеграция қилиш жараёни устида ҳам ишлади. У, шунингдек, UK Black Pride фестивалининг асосчиларидан бири ва Васийлик Кенгашининг ҳозирги раисидир.

Жебина Ясмин Ислом

Жебина Ясмин Ислом, Буюк Британия

Кампаниячи

Ўтган йил Исломнинг бошланғич синф ўқитувчиси бўлган синглиси Лондон паркларининг бирида ўлдириб кетилади. Худди шу фожеа ортидан Ислом Буюк Британияда аёлларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган кампаниясини бошлайди. Синглисининг қотили ҳукм ўқилиши чоғида судда ҳозир бўлишдан бош тортади. Ислом эса, қонунни айбланувчининг иштирокини шарт қилувчи этиб ўзгартирилишини талаб қилади.

Ислом қўллов йўқлигини айтиб, британ ҳукуматини танқид қилади. Бу эркаклар зўравонлигини тўхтатиш масаласига қанчалик кам эътибор берилаётгани далолати эканини айтади. У яна ирқий камситишларга ҳам тўхталади. Ислом "оддий британиялик оқ оила" бўлганида, ўзларига ҳам яхшироқ муносабат қилган бўлишларини даъво қилади. Унинг таърифлашича, синглисини "кучли, қўрқмас, ёрқин, ўрнак бўлишга лойиқ ажойиб инсон" бўлган.

Ўзингизни Ер юзидаги ҳаммадан кўра кўпроқ севинг.

Сабина Несса

Жебина Ясмин Ислом синглисининг кундалигидан олиб, баҳам кўрган мисралар.

Гавҳар Ишқий

Гавҳар Ишқий, Эрон

Фуқаровий фаол

Гавҳар Ишқий Эронда сабот ва матонат рамзига айланган. Унинг блогер ўғли Саттор Беҳештий ўн йил бурун ҳибсда вафот этган. Гавҳар Ишқий ўшандан буён Эрон ҳукуматини қийноқлар ва қотилликда айблайди. Ўғлининг ўлими юзасидан адолатнинг қарор топишини истайди.

У "Эронлик шикоятчи оналар"дан бири. Бу гуруҳ ўз фарзандларининг ўлими учун адолат истаб келади. Гавҳар Ишқий ўғлининг ўлимида шахсан Эрон Олий руҳоний раҳбарини масъул тутади. 2019 йилда у Оятуллоҳнинг истеъфосига чақирувчи мактубга ҳам имзо чеккан. Маҳса Аминий ўлимидан сўнг бошланиб кетган бу йилги намойишларга ҳам бефарқ бўлмаган. Намойишчилар билан бирдамлигининг ифодаси сифатида у ҳам рўмолини бошидан ечган.

Ҳейди Кроутер

Ҳейди Кроутер, Буюк Британия

Имконияти чекланганлар ҳуқуқлари бўйича фаол

Ҳейди Кроутер Даун синдроми билан оғриган одамларга муносабатни ўзгартириш йўлида иш олиб боради. У Британия ҳукуматини, агар боланинг Даун синдроми билан туғилиши маълум бўлса, ҳомиладорликни исталган вақтда, туғилгунга қадар тўхтатишга рухсат берувчи қонун юзасидан судга берган. Фаол мазкур қонун камситувчи эканини айтган. Аммо Олий суд қарши ҳукм чиқарган. Суд қонун туғилмаган бола ва аёл ҳуқуқлари ўртасидаги мувозанатни сақлашга интилаётганлигини айтган. Ноябрь ойида Ҳейдининг шикоят аризаси ҳам қониқтирилмаган. Аммо у ортга қайтмаслиги, жамоаси билан бирга ўз курашини давом эттириши ва яна Олий судга чиқишларини айтган.

У “Даунга позитив ёндашув” ташкилотининг ҳомийси ва Даун синдроми бўйича миллий сиёсат гуруҳининг асосчиси бўлади. Унинг “Мен шунчаки Ҳейдиман” китоби шу йил августида босмадан чиққан.

Мен ҳомиладор аёллар Даун синдроми ҳақида тўғри маълумотга эга бўлишларини хоҳлайман. Одамлар замон билан ҳамнафас бўлишларини ва бизнинг ким эканлигимизни кўришларини истайман.

Ҳейди Кроутер

Лайли

Лайли, Эрон

Намойишчи

Намойишчиларга қўшилишдан аввал сочини орқасига йиғиб олаётган қиз акс этган қисқа видео Эрондаги ҳозирги намойишларнинг рамзий тасвирларидан бирига ҳам айланди. У Оятуллоҳга қарши чиққанлар жасоратининг тимсоли сифатида баҳо топди. Бу қизни намойишлар чоғида ўлдирилган 22 ёшли Ҳадис Нажафий билан адаштирганлар ҳам бўлди.

Би-би-си Форс хизматига берган суҳбатида Лайли (исми ўзгартиилган) "Ҳадис Нажафий ва Маҳса Аминий каби инсонлар учун курашиши”ни айтди. “Эрон режими, - деди у, - бизни ўлим таҳдиди билан қўрқита олмайди. Биз Эроннинг озодлигига умид қиламиз”.

Хадизату Мани

Хадизату Мани, Нигер

Фаол, қулликка қарши курашчи

Хадизату Мани 12 ёшида бадавлат бир эркакка бешинчи хотинликка сотилган. Бу амалиёт "ваҳая", деб аталади. У катта таъсирга эга одамларнинг шаръий никоҳидаги тўрт хотинига хизмат қилиш учун норасман бешинчисини олишга изн беради. Мани 2005 йилда қонунан яна ўз эркини қўлга киритади, қайта турмушга чиқади. Аммо собиқ хўжаси уни қўш эрлиликда айблайди ва судга беради. Суд Манини айбдор, деб топади ва уни олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилади.

Мани ҳукм юзасидан шикоят аризаси билан чиқади. Нигер Олий суди орқали уни бекор қилишга эришади. Бу қарор "ваҳая" амалиётининг буткул бекор қилинишига олиб келади. Ҳадизату ҳозир қулликка қарши фаол кураш олиб бормоқда. Ўзининг таъсиридан фойдаланиб, қуллик аҳволига тушиб қолган бошқа аёлларга ҳам кўмак қилаётир.

Олександра Матвийчук

Олександра Матвийчук, Украина

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси

Олександра Матвийчук 15 йилдан буён "Фуқаровий эркинликлар" ташкилотини бошқариб келади. Россиянинг Украинадаги ҳарбий жиноятларини ҳужжатлаштиришдаги фаолияти учун 2022 йилги Тинчлик бўйича Нобель мукофоти билан тақдирланган.

"Фуқаровий эркинликлар маркази" 1960-йиллардаги украиналик диссидентларнинг меросига содиқ қолган. Ташкилот ўзининг асосий эътиборини инсон ҳуқуқларига қаратган. 2014 йилда Россия томонидан содир этилган ҳарбий жиноятларни ҳужжатлаштириш учун Қрим, Луганск ва Донецкка борган биринчи инсон ҳақларини ҳимоя қилувчи ташкилот бўлган. Энди улар Россия томонидан Чеченистон, Молдова, Грузия, Сурия ва Малида содир этилган ҳуқуқбузарликлар юзасидан тергов ўтказиш учун халқаро трибунал тузишга чақиришмоқда.

Жасоратнинг жинси йўқ.

Олександра Матвийчук

Наргис Муҳаммадий

Наргис Муҳаммадий, Эрон

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси

Наргис Муҳаммадий журналист. Номзоди Тинчлик бўйича Нобель мукофотига ҳам илгари сурилган. У Эрондаги Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари марказининг вице-президенти бўлади. Эронда ўлим жазосини бекор қилиш учун тинимсиз кампания олиб боради. Кечаётган намойишлар фонида Эвиндан мактуб ҳам чиқарган. Ўзининг мактубида БМТ дан Эрон ҳукуматининг намойишчиларга ўлим жазоси беришига чек қўйишни сўраган.

Наргис Муҳаммадий 201 йилда 11 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Кейин унинг муддати 16 йилга қилиб узайтирилган. Бунга унинг гаров эвазига озодликда экани чоғида Эвиндаги маҳкумларга нисбатан муносабатни танқид қилгани сабаб бўлган. У ўзининг 16 маҳкум билан суҳбатига асосланган “Оқ қийноқлар” ҳужжатли фильмини ҳам чиқарган. Фильмда қамоқхонанинг якка камерасидаги аҳволни тасвирлаган. Унинг икки фарзанди ва сиёсий фаол бўлган эри Эрондан ташқарида яшашади.

Таманно Зарёб Парёний

Таманно Зарёб Парёний, Афғонистон

Фаол

Таманно шу йил январь ойида таълим олиш ва ишлаш ҳуқуқига чақирувчи намойишга чиққан. Орадан бир неча кун ўтиб, Таманно ва опа-сингиллари уйларидан қуролли шахслар томонидан олиб кетилган. Воқеа дунё эътиборига тушган, халқаро миқёсда қораланган. Уларни озод этиш талаби янграган. Аммо Толибон бу ҳодисада ўзларининг бирор бир иштирокларини йўқлигини айтиб чиққан.

У ўзининг ҳибсга олинишига муносабатини тасвирга олади, интернетга жойлаштиради. Видеоси тезда оммалашади ва Афғонистонда ғойиб бўлаётган фаол аёлларнинг тақдирига эътиборни тортади. Таманно уч ҳафтадан кейин озод қилинади. У ҳозир Германияда истиқомат қилади. Эронлик аёлларга бирдамлигини билдириб, рўмолини ҳам ёққан. Аммо бу иши кўплаб афғон аёллари томонидан бир хилда қарши олинмаган.

Дунё аёллари олға интилаётган бир пайтда Афғонистон хотин-қизлари 20 йил орқага ташланди. 20 йил ичида эришган ҳамма ютуқлари улардан тортиб олинди.

Таманно Зарёб Парёний

Алисе Патахо

Алисе Патахо, Бразилия

Туб аҳоли ҳуқуқлари учун курашувчи фаол

Алисе Патахо журналист, инфлюэнсер ва глобал иқлим ўзгаришига қарши курашувчи фаол. Бразилия ҳукуматининг атроф-муҳит ва қишлоқ хўжалигига оид янги лойиҳалари туб аҳолининг ерга бўлган ҳуқуқига қандай таҳдид солаётгани ҳақида бонг уриб келади. У ўзи мансуб бўлган патахо халқининг овозига айланган. Алисе Патахо туб аҳоли ҳаёти ҳақидаги мустамлакачилик ғояларига қарши чиқиш и ва атроф-муҳит муҳофазакорларининг ўлимига ойдинлик киритишни истайди.

У Colabora жамғармаси журналистларидан бири сифатида фаолият юритади. Ўзининг YouTube даги Nuhe (Бразилиядаги туб аҳолининг қаршилиги, деган маънони англатади) каналида оригинал контент яратиб келади.

Malala Yousafzai

Номзоди 2021 йилнинг ғолиби, умумий таълим олиш ҳуқуқи учун курашиб келаётган фаол Малала Юсуфзай томонидан илгари сурилган.

“Бу йил Алисе Патахони Би-би-сининг "100 аёл" рўйхатига номзод қилиб кўрсата олганимдан фахрланаман. Унинг иқлим ўзгаришига қарши кураш, гендер тенглиги ва туб аҳоли ҳуқуқларини таъминлаш йўлидаги қатъияти менга барқарор ва тенгроқ дунёга эришиш мумкин, деган умидни беради. ”

Ройа Пиреи

Ройа Пиреи, Эрон

Фаол

Сентябрь ойида онасининг қабри ёнида турган Ройанинг сурати интернетга тарқалиб кетади. 62 ёшли Мино Мажидий Кирмоншоҳдаги норозилик намойиши чоғида хавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирилган. Кирмоншоҳ Эроннинг курд тилида сўзлашувчи энг йирик шаҳри бўлади. Ройа суратда боши тарашланган, қўлида янги кесилган сочи билан объективга бефарқ тикилиб турган қиёфада акс этган.

У Эрондаги ҳукуматга қарши сўнгги намойишлар ортидан халқаро миқёсда сарлавҳаларга чиққан юзлардан бирига айланди. Ройа намойишларга халқаро ҳамжамиятнинг дастагини олиш учун Франция президенти Эммануэль Макрон билан ҳам учрашди.

Юлия Сачук

Юлия Сачук, Украина

Ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ҳаракат етакчиси

Украиналик ҳуқуқ ҳимоячиси Юлия Сачук ногирон аёллар бошчилигидаги "Ҳуқуқ учун кураш" ташкилотининг раҳбари. Россиянинг Украинага босқини ортидан шошилинч чора-тадбирлар кўришга киришган. У украиналик минглаб ногиронларнинг ҳаётларини сақлаб қолиш учун кечаю кундуз ишлаган. Халқаро ташкилотлар билан бирга уларни хавфсиз ерга кўчириш режасини ишлаб чиққан.

Сачук қабул қилинаётган қарорларда ногирон хотин-қизлар ҳам ўз сўзларини айтиш мавқеига эга бўлишларини истайди. Барак Обаманинг Leader Europe дастури иштирокчиси. Инсон ҳуқуқлари бўйича 2020 йилги Миллий мукофот лауреати. Юлия, бундан ташқари, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитасига Украинадан номзод ҳамдир.

Сувада Селимович

Сувада Селимович, Босния ва Герцеговина

Тинчлик учун курашчи

Босния ва Герцеговинани вайрон қилган урушдан 30 йил ўтди. Ҳозир Сувада Селимович ўз уйларига қайтган бошқа қочқин аёллар билан бирга қайта барпо этган қишлоқда яшайди. Сувада эридан айрилган ва беш нафар ёш боласи билан ёлғиз қолган. У Anima ташкилотига асос солган. Тинчлик учун курашади, аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини яхшилаш билан шуғулланади.

2008 йилда эрининг жасади оммавий қабрдан топилгач, у уруш жиноятлари бўйича судда гувоҳлик беради. Бошқа аёлларни ҳам шундай қилишга ундайди. Бугунги кунда Anima уруш жароҳатларини бошидан кечирган аёллар учун семинарлар ўтказади ва уларга ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларини сотиш имкониятини беради.

Чжоу Сяосюань

Чжоу Сяосюань, Хитой

Аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси

Чжоу Сяосюань Хитойдаги MeToo ҳаракатининг юзига айланган. Унинг иши дунёнинг эътиборига тушган. Чжоу 2018 йилда CCTV Хитой давлат телерадиокомпаниясининг машҳур бошловчисини судга беради. У Чжу Цзюнни 2014 йил тажриба ўтаётган пайтида ўзини ушлагани ва мажбуран ўпганлигини айтади. Аммо бошловчи ўзига қарши айбловларни рад этади. Чжоуни туҳмат қилганликда айблаб, судга беради.

Айтилишича, етарлича далил йўқлиги изоҳи билан унинг иши ёпилади. 2022 йилда шикоят аризаси ҳам қондирилмайди. Айрим хорижий оммавий ахборот воситалари бу Хитойдаги MeToo ҳаракатига берилган зарба дейишади. Чжоу Сяосюань ҳозир жинсий зўравонлик қурбонларига айланган аёлларга ёрдам беради. Мамлакатидаги феминистик ҳаракат муаммоларини ёритади.

Эфрат Тилма

Эфрат Тилма, Исроил

Кўнгилли

Эфрат Тилма Исроил полиция кучлари сафидаги биринчи кўнгилли трансгендер аёлдир. У телефон қўнғироқларига жавоб беради. ЛГБТК+ жамоаси ва полиция ўртасидаги муносабатларни яхшилаш учун ишлайди. Тилма ўсмирлик чоғида Исроилдан қочган. Бунга оиласининг ўзидан юз ўгириши ва полициянинг таъқибига учраши сабаб бўлган. У 1969 йилда Касабланкада жарроҳлик йўли билан жинсини ўзгартирган. Ўша пайтда Европада бу каби амалиёт кенг имконли бўлмаган.

У Берлинда стюардесса бўлиб ишлай бошлайди. Оила қуради. 2005 йилда оиласи билан ажрашади. Сўнгра Исроилга қайтади. Мамлакати жинсий озчиликларга нисбатан анчайин бағрикенг бўлиб қолганини кўради. Худди шу нарса уни полицияга кўнгилли бўлиб ишга киришга ундайди.

Сеси Флорес

Сеси Флорес, Мексика

Фаол

2015 йилда қуролланган шахслар Сеси Флореснинг 21 ёшли ўғли Алехандрони олиб кетишган. Тўрт йил ўтгач, унинг яна бир ўғли 31 ёшли ўғли Марко Антонио жиноий гуруҳ томонидан олиб қочилган. Флореснинг айтишича, унинг фаоллигига зўр билан бедарак кетган болаларига нима бўлганини билмай ҳаётдан кўз юмиш қўрқуви сабаб бўлган.

Мамлакат бу йил даҳшатли босқичга етди: БМТ таъбиридаги "улкан миқёсдаги фожеа" оқибатида бедарак кетганларнинг сони 100000 га чиқди. Флорес бошчилигидаги Madres Buscadoras de Sonora гуруҳи яширин қабрлардан 1000 дан зиёд изсиз йўқолганларнинг жасадларини топишга ёрдам берди.

Жудит Хьюманн

Жудит Хьюманн, АҚШ

Ногиронлар ҳуқуқлари ҳимоячиси

Жудит Хьюманн умрини ногиронлар ҳуқуқлари учун курашга бағишлаган. Болалигида полиомиелит билан касалланган. У Нью-Йорк шаҳрида ногиронлар аравачасида ўқитувчи бўлиб ишлаган биринчи одам бўлган.

Жудит ногиронлар ҳуқуқлари ҳаракатининг халқаро миқёсда тан олинган етакчисидир. Унинг фаоллиги, жумладан, АҚШ Федерал биносидаги ўтириб қилинган энг узоқ норозилик акциясидаги иштироки ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган асосий қонун ҳужжатларининг ҳаётга тадбиқ этилишида муҳим ўрин тутган. Хьюманн ҳам Клинтон ва ҳам Обама маъмуриятида ишлаган. Нотижорат секторида 20 йиллик тажрибага эга.

Номзоди 2020 йил ғолиби, ногиронлар ҳуқуқлари фаоли Шани Дханда томонидан илгари сурилган.

“Мен Жудитдан ростмана илҳомланаман. 30 йилдан ошди, у ҳамон бутун дунё бўйлаб ногиронлар ҳуқуқлари учун курашиб келади. Уларнинг ҳуқуқларини тинмай ҳимоя қилади ва бу соҳадаги муҳим ўзгаришларда ўз ўрнига эга.”

Санжида Ислом Чойя

Санжида Ислом Чойя, Бангладеш

Талаба

Бангладешда болалар ўртасидаги никоҳ ҳоллари кенг тарқалган. Дунёдаги энг юқори ўринлардан бирини эгаллайди. Санжида Ислом Чоя буни ўзгартирмоқчи. Ўзининг онаси ҳам жуда ёш эрга берилган. Мактабида бу каби никоҳлар қандай оқибатларга олиб келишидан хабар топгач, у ҳаракат қилишга қарор қилади.

Фотима, дўстлари, ўқитувчи ва бошқа унга ҳамфикр бўлган инсонлар “Ghashforing”, деб номланган гуруҳ тузишади. Улар ўзларига маълум бўлган барча эрта никоҳ ҳоллари ҳақида полицияга хабар беришади. Санжида ҳозир талаба. Аммо бу ишини ҳануз давом эттирмоқда. Гуруҳнинг янги аъзоларига бош-қошлик қилаётир. Улар шу кунга қадар 50 та эрта никоҳнинг олдини олганликларини айтишади.

Сандия Экналигода

Сандия Экналигода, Шри Ланка

Фаол-инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси

Сандия Экналигода Шри Ланкадаги фуқаролар уруши чоғида яқинларини йўқотган минглаб аёлларга ёрдам беради. Ўзининг таниқли тадқиқотчи журналист ва ҳажвчи бўлган эри Прагиит Экналигода ҳам 2010 йилда бедарак кетган. У ҳукуматнинг ашаддий танқидчиларидан бири бўлган ва Тамил Йўлбарслари бўлгинчиларига қарши зўравонликларни ўрганган.

Сандия ўшандан буён тинмай адолат излаб келади. У эрининг ғойиб бўлишида мамлакат собиқ президенти Маҳинда Ражапакса тарафдорларини айблайди. Аммо, гумондорлар аниқланган бўлса-да, уларнинг барчаси оқланган.

Мен фурсати бўлиши билан бошқалар учун курашадиган, амалий курашга киришадиган, ҳақорат ва туҳматларга қарамай, қийинчиликларни матонат ва фидойилик билан енгиб ўтадиган аёлман.

Сандия Экналигода

Сочини кесаётган аёл

Сочини кесаётган аёл, Эрон

Намойишчи

Бу йил Эрон оммавий намойишлар ичида қолди. Бунга 22 ёшли курд қизининг полиция ҳибсхонасида вафот этиши сабаб бўлди. Маҳса Аминий 13 сентябрь куни ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинган. Бунга унинг рўмолни тўғри ўрамагани сабаб бўлгани айтилган.

Биз ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбурий ҳижобга қарши курашиб, хотин-қизларнинг норозилик намойишларида тутган ўринларини эътироф этишни хоҳладик.

Соч кесиш норозилик ифодаларидан бирига айланди. Бунга дунё бўйлаб таниқли шахслар, сиёсатчилар ва фаоллар ҳам қўшилишди. Эрондаги баъзи жамоаларда эса, соч кесиш анъанавий мотам белгиси ҳам ҳисобланади.

Геҳад Ҳамдий

Геҳад Ҳамдий, Миср

Стоматолог ва инсонпарварлик ходими

Стоматолог Геҳад Ҳамдий мисрлик аёллар ташаббускори бўлган Speak Up ташкилоти асосчиси ва бошқарувчисидир. Улар гендер ва жинсий зўравонлик айбдорларига эътиборни тортиш учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишади. Кечаётган йилда Миср бўйлаб аёлларга қарши қатор зўравон жиноятлар содир этилди. Бу эса, мазкур масалани яна кун тартибига олиб чиқди.

Speak Up аёлларни зўравонлик ҳақида жим турмасликка ундайди. Ташкилот уларга руҳий ва ҳуқуқий кўмак кўрсатади. Бу масалда аниқ чоралар кўриши учун масъулларга босим ҳам ўтказади. Геҳад Ҳамдийнинг кампанияси бир неча бор эътироф этилган. Жумладан, 2022 йилги Бутунжаҳон Одил судлов форумида тенг ҳуқуқлилик ва дискриминацияга қарши мукофотни ҳам қўлга киритган.

Олдинда йўл узоқ. Охири ҳали кўринмайди. Аслида, биз фақат биринчи қадамни ташладик.

Геҳад Ҳамдий

Саломатлик ва Илм-фан

Ай Ньин Тҳу

Ай Ньин Тҳу, Мьянма

Шифокор

Ай Ньин Тҳу аввалига Мьянманинг чекка ва қашшоқ Чин штатида кўнгилли бўлиб ишлаган. 2021 йилнинг ноябрь ойида эса, кичиккина жарроҳлик хонаси бўлган вақтинчалик касалхона қурган. Ҳозиргача ўша ерда беморлар ва ярадорларни даволаб келади.

У бўш вақтларида мамлакатнинг бошқа минтақаларига ҳам сафар қилади. У ердаги тиббий хизматга деярли имконсиз маҳаллий аҳоли ва дарбадар одамларни ҳам даволайди. Мьянманинг ҳукмрон ҳарбий хунтаси уни “зўравонликка ундаш”да ҳам айблаган. Расмийларнинг даъво қилишича, у “Халқ мудофаа кучлари”, деб аталувчи ҳукуматга қарши гуруҳни қўллаб-қувватлайди.

Сириша Бандла

Сириша Бандла, АҚШ/Ҳиндистон

Авиация муҳандиси

Сириша Бандла коинотнинг чеккасигача борган. У 2021 йилги Unity 22 тарихий миссияси таркибида бўлган. Virgin Galactic компанияси ўшанда коинотга ўзининг биринчи тўлиқ экипажли суборбитал парвозини амалга оширган. Мазкур миссия Сириша Бандлани космосга чиққан асли ҳиндистонлик иккинчи фазогир аёлга айлантирган.

Сириша коинотга ёшлигидан қизиққан. Кейин АҚШда авиация муҳандислиги бўйича ўқишини давом эттирган. У ҳозир Virgin Galactic компаниясининг ҳукумат ишлари ва тадқиқот амалиётлари бўйича вице-президенти. Унинг бу иши VG фазо кемасида илмий ва технологик тажрибалар учун учун буюртмалар билан ишлашни ҳам ўз ичига олади.

Sunny Leone

Номзоди 2016 йилги ғолиб, актриса Санни Леоне томонидан илгари сурилган.

“Эркаклар устунлик қилувчи саноатда Сириша фақат ўзининг меҳнатсеварлиги ва фидойилиги туфайли ҳамма нарсани енгиб, муваффақиятга эриша олди. Бу эса, уни мен ва энг муҳими, худди шундай орзудаги барча ёш қизлар учун илҳом манбаига айлантирди.”

Виктория Батист

Виктория Батист, АҚШ

Ҳамшира ва эмликлар ҳақида маълумот берувчи

Виктория Батист АҚШнинг Мериленд штатида ҳамшира бўлиб ишлайди. У одамларга вакциналар ҳақида маълумот беради. У қора танлилар жамоаси нега тиббий аралашувлардан чўчиши мумкинлигини тушунади: Виктория 1951 йилда бачадон бўйни саратонидан вафот этган Генриетта Лакснинг авлоди. Вафотидан кейин унинг ҳужайралари розилигисиз олинган. Улар лаборатория шароитида ўстирилган илк ҳужайралар бўлган.

Улар HeLa ҳужайралари сифатида танилган. Ўшандан буён турли тиббий тадқиқотларда қўлланилган. Ўнлаб йиллар оиласининг бундан ҳеч бир хабари бўлмаган. Виктория ҳозир Henrietta Lacks Foundation жамғармасида ишлайди. Бундан ташқари Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг бачадон бўйни саратонини тугатиш бўйича Эзгу ният элчиси ҳам бўлади.

Нилуфар Баёний

Нилуфар Баёний, Эрон

Эколог

Атроф-муҳит ҳимоячиси бўлган Нилуфар Баёний 2018 йилда Эронда ҳибсга олинган. Нилуфар ва унинг ҳамкасблари йўқолиб бораётган ўсимлик ва ҳайвон турларини суратга олаётган бўлишган. Расмийлар эса, уларни стратегик муҳим иншоотлар ҳақида махфий маълумотлар йиғишда айблашган. Нилуфар Баёний 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Нилуфар Баёний Осиё гепардлари ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган бошқа ҳайвон турларини қутқариш билан шуғулланувчи Ёввойи Табиатни муҳофаза қилиш Форс жамғармасининг дастур бошқарувчиси бўлиб ишлаган. Би-би-си Форс хизмати қўлга киритган ҳужжатда у Эрон Ислом Инқилоби қўриқчилари корпуси ўзини қандай қилиб "камида 1200 соат даҳшатли руҳий, ҳиссий, жинсий қийноқларга дучор этишгани, жинсий таҳдидлар қилишгани"ни тасвирлаб берган. Аммо Эрон расмийлари бу айбловларни рад этишади.

Марина Вязовская

Марина Вязовская, Украина

Математик

Марина Вязовская Украиналик математик. Кечаётган йилда Филдс мукофотини қўлга киритган. Бу мукофот математика соҳасида ҳар тўрт йилда бир марта берилади. У математика бўйича Нобель мукофоти, деб ҳам аталади. Марина Вязовская бу мукофотни олган иккинчи аёл математик бўлган. У саккиз ўлчамли фазога айланаларни қандай қилиб энг самарали жойлаштириш бўйича 400 йиллик жумбоқни ечолган.

Вязовская Лозаннадаги Швейцария Федерал Технология Институти(EPFL)да ишлайди. Математика институтининг Рақамлар назарияси кафедраси мудири ва профессори бўлади.

Вегаҳта Гебрейоҳаннес Абера

Вегаҳта Гебрейоҳаннес Абера, Эфиопия, Тиграй вилояти

Гуманитар ёрдам ходими

Вегахта Гебрейоханнес Абера “Hdrina” нотижорат ташкилотига асос солган. Унинг мақсади Тиграйдаги уруш натижасида юзага келган очлик ва сурункали тўйиб овқатланмаслик билан курашишдир. Ташкилот асосий эътиборини болаларга қаратган. Бундан ташқари, урушдан жабр кўрган аёллар ва уларнинг фарзандларига ҳам ёрдам беради. Ички қочқинлар учун мўлжалланган жамлоқлардагиларнинг овқатланишини ташкиллаштиради. Hdrina боғдорчилик лойиҳаларини ҳам амалга оширади.

Ташкилот, шунингдек, уруш шароитида жинсий зўравонликка учраган ва қашшоқлик сабаб, ўз танасини сотишга мажбур бўлаётган аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини яхшилашга қаратилган лойиҳа устида ҳам иш олиб бормоқда.

Дилек Гурсой

Дилек Гурсой, Германия

Кардиожарроҳ

Дилек Гурсой Германияда турк муҳожирлари оиласида туғилган. У етакчи кардиожарроҳ ва сунъий юрак бўйича етакчи мутахассис. Дилек Гурсой сунъий юракни кўчириб ўтказган Европадаги биринчи кардиожарроҳдир. Бу каби ютуғи ортидан сурати Forbes нинг Германиядаги нусхаси муқовасида ҳам бўй кўрсатган.

У 10 йилдан ортиқ вақт давомида сунъий юракларни яратиш ва такомиллаштириш бўйича тиббий тадқиқотларда етакчилик қилган. Юрак донорлари оз. Шу боис ҳам, сунъий юрак табиийсига муқобил бўла олиши мумкин. Кардиожарроҳ ўз фаолияти давомида аёллар анатомиясига алоҳида эътибор қаратган. У ўзининг автобиографиясини ҳам ёзган. Ҳозир ўзининг шахсий клиникасини очиш ҳаракатида.

Яна Зинкевич

Яна Зинкевич, Украина

Сиёсатчи ва кўнгилли парамедик

"Госпиталчилар" жанг жабҳасидагиларнинг ҳаётларини асраб қолиш билан шуғулланувчи кўнгиллиларнинг тиббий батальонидир. Батальонга Яна Зинкевич бошчилик қилади. Улар одамларни жанг майдонидан олиб чиқишади. Яна мактабни битиргач, кўнгилли бўлишга аҳд қилган. У 2014 йилда, Украинадаги қуролли можаролар бошланган пайтда бу батальонга асос солган.

Янанинг шахсан ўзи 200 нафар ярадор аскарни хавфсиз жойга олиб чиққан. Унинг батальони ҳозир ҳам яраланган ҳарбийлар ва одамларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатади. Яна бу хусусда машғулотлар ҳам ўтказади. Яна 27 ёшда. У Украина парламентининг энг ёш депутатларидан бири бўлади. Радада ҳарбий тиббиёт бўйича қуйи қўмитани бошқаради.

Сенди Кабрера Артега

Сенди Кабрера Артега, Гондурас

Репродуктив ҳуқуқ бўйича фаол

Сенди Кабрера Артега фалсафа талабаси, ёзувчи ва фаол. Хотин-қизларнинг жинсий ва репродуктив ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланади. Тезкор контрацептив воситалар нима экани ва ундан қандай фойдаланиш ҳақида тушунтириш ишларини олиб боради. Тезкор контрацептив воситалар ҳақида маълумот берувчи "Келинг, бу нима экани ҳақида гаплашамиз", деб номланувчи маърифий кампания ва рақамли платформанинг расмий намояндаси ҳам бўлади.

У, шунингдек, "Ёшлар ишлари" жамғармаси билан ҳам ҳамкорлик қилади. Мазкур жамғарма ёшларнинг жинсий ва репродуктив ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланади. Сенди Гондурас имо-ишора тилини мукаммал билади. Қулоқлари эшитмайдиган онаси ўзини ёлғиз боши билан қандай тарбиялаб, вояга етказганидан фахрланади.

Жуди Киҳумба

Жуди Киҳумба, Кения

Сурдо таржимон

Жуди Киҳумба кўпроқ эмизикли, аммо эшитиш қобилияти заиф оналарнинг ҳар томонлама саломатликлари ҳақида қайғуради. Кениядаги айрим касалхоналарда, ҳатто, оддийгина сурдо таржимонлари йўқлигини билгач, у тиббий маълумотларни барча аёлларга имконли қилиш ишларига бош қўшган.

У "Туғруқдан кейинги депрессияга қарши курашиш учун гапирувчи қўллар, эшитувчи кўзлар” ташкилоти асосчиларидан бири ҳам бўлади. Ташкилот эшитиш қобилияти заиф аёлларнинг оналикка мослашишларига ёрдам беради. Киҳумба бу ташкилотга 2019 йилда, шахсан ўзи ҳам туғруқдан кейинги депрессияни бошдан кечирганидан сўнг асос солган. Бу йил у илк бор “Baby Shower” (бўлғуси оналар учун махсус кеча) ҳам ташкил қилди. Унда эшитиш қобилияти заиф 80 га яқин ҳомиладор аёл, шифокорлар ва психологлар иштирок этишди.

Мари Кристина Коло

Мари Кристина Коло, Мадагаскар

Иқлим масалалари бўйича тадбиркор

Мари Кристина Коло COP27 га Мадагаскардан борган расмий ҳайъатнинг таркибига кирган. У иқлим ўзгаришининг инсоний ва гендер жиҳати билан шуғулланади. Мамлакати эса, ҳозир миллионлаб инсоннинг ҳаётига таҳдид солиши мумкин бўлган устма-уст қурғоқчилик гирдобида. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти буни аллақачон иқлим ўзгариши туфайли юзага келган биринчи очарчилик ҳодисасига қиёс берган.

Коло экологик тоза дастурлар орқали қашшоқликка қарши курашишга аҳд қилган People Power Inclusion нодавлат ташкилотининг минтақавий директори. Унинг Green'N'Kool ижтимоий дастури иқлим ўзгариши бўйича адолатни қарор топтириш йўлида етакчи миллий платформага айланган. Гендер зўравонликнинг жабрдийдаси сифатида у "Аёллар, жим турманг", деган ҳаракатга ҳам асос солган. Мазкур ҳаракат жинсий зўравонлик маданиятига қарши курашни мақсад қилган.

Бизни иқлим ўзгариши, патриархат ва зўравонликнинг аянчли қурбонлари сифатида кўришларини хоҳламаймиз. Барча қийинчиликларга матонат билан бардош бераётганимизни кўриб, жуда руҳланиб кетаман ва бундан фахрланаман.

Мари Кристина Коло

Ирина Кондратова

Ирина Кондратова, Украина

Болалар шифокори

Ирина Кондратова ва унинг ҳамкасблари Россиянинг қақшатқич ҳужумлари остида ҳам ўз фаолиятларини тўхтатишмаган. Харьков вилояти перинатал марказидаги ҳомиладор аёллар, янги туғилган чақалоқлар ва оналарга тинимсиз ғамхўрлик қилишган. Улар марказнинг ертўласида туғруқ бўлимини ташкил этишган. Ҳаво ҳужумидан огоҳлик садолари янграса-да, жонлантириш бўлимини тарк этишмаган. Бўлимдаги айрим чақалоқларни бошқа ерга кўчириб бўлмаслиги боис, ўз ҳаётлари билан таваккал қилишган.

Шу йил март ойида Дэвид Бекҳэм марказга кўмак бермоқчи бўлади. Таниқли футболчи уларга ўзининг Instagram даги акаунтини топширади. Марказ раҳбари сифатида Ирина Кондратова унинг акаунтидан ўзлари тўқнаш келаётган муаммоларни ёритишда фойдаланади. Ирина Кондратованинг жамоаси 2014 йилдан буён Луганск ва Донецклик 3 мингдан зиёд аёлга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатган.

Уйларимиз, йўлларимиз, электр станцияларимиз, шифохоналаримиз ва ҳаётларимиз вайрон бўлди. Аммо бизнинг орзуларимиз, умидларимиз ва ишончимиз ҳар қачонгидан кўра кучли ва мустаҳкам.

Ирина Кондратова

Асонеле Коту

Асонеле Коту, Жанубий Африка

Тадбиркор

Асонеле Коту туғилишни назорат қилувчи имплантини олдирмоқчи бўлади. Аммо ҳеч кимни топа олмайди Шундан кейин у ўз бизнесини очишга қарор қилади. FemConnect стартапига асос солади. У ҳайз давридаги қашшоқликни юмшатиш ва ўсмирлар ўртасида ҳомиладорликни камайтиришнинг технологик ечимларини тақдим этади.

Ушбу платформа ўз фойдаланувчиларига жинсий яқинлик, ҳомиладорлик ва контрацепция бўйича холис профессионал маслаҳат беради. Бундан ташқари, хотин-қизларнинг гигиена ва контрацепция воситаларини тақдим этади. Сиз уларга худди озиқ-овқатга бергандек осонгина буюртма беришингиз мумкин бўлади. Коту ҳайз давридаги қашшоқликни тугатиш ва сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини яхшилаш учун фаол иш олиб бормоқда. У ўзининг асосий диққатини хавф остида бўлган ёшлар ва жамиятнинг эътибордан четда қолган қатламига қаратаётир.

Келажак авлод ота-оналари каби қийинчиликларга дуч келмаслиги учун ёшларнинг муаммоларни ҳал қилиш йўлидаги қатъиятини кўриб, хурсанд бўламан.

Асонеле Коту

Нижа Либерт

Нижа Либерт, Гринландия

Психолог

Бачадонига мажбуран спираль қўйишган пайтда Нижа Либерт бор-йўғи 13 ёшда эди. Бу 1960-1970-йилларда Гринландияда даниялик шифокорлар томонидан олиб борилган ва инуитлар орасидаги туғилишни назорат этишга қаратилган кампаниянинг бир қисми эди. Кечаётган йилда Дания ва Гринландия нега бундай қилинганини текширишга расман келишиб олишди. 4500 га яқин хотин-қиз ушбу сиёсатнинг қурбонига айланган бўлишлари мумкин.

Либерт ана шу кампания қурбонлари ва спираль репродуктив саломатлигига жиддий зиён етказган аёлларга ёрдам беради. У бу аёллар мулоқот қилиб, бир-бирларига ёрдам беришлари учун Facebook да махсус гуруҳ ҳам тузган.

Омон қолган аёллар орасидан бошқаларга намуна, ўрнак бўлаётганларининг сони ортиб бормоқда. Бу ҳақда қанча очиқча гапирсангиз, шунча қўрқув ҳам йўқолади. Сизни айбламасликларини тушуниб етасиз. Биз қўрқувларимизнинг асирига айланмаслигимиз керак.

Нижа Либерт

Эрика Лириано

Эрика Лириано, Доминикан Республикаси

Какаочи бизнесмен

Эрика Лириано какао етказиб бериш занжирини қайта ишлаб чиқишни мақсад қилган ҳолда, Доминикан Республикасида фойдани тақсимловчи экспорт корхонасини бошқаради. Лириано какао ишлаб чиқариш ва тарқатишни янада адолатли ва барқарор қилиш учун синглиси Жанетт билан бирга INARU ширкатига асос солган. Уларнинг корхонаси жорий йилда молиялаштирилган.

Тарихан кичик фермерлар какао ишлаб чиқариш соҳасида эксплуатация қилинган. INARU Доминикандаги ишлаб чиқарувчиларга адолатли муносабат ва адолатли иш ҳақини таъминлайди. Нью-Йоркда туғилган опа-сингиллар Доминикан Республикасида туғилган фермер ва тадбиркорлар оиласидан. Улар бутун мамлакат бўйлаб аёллар бошқарадиган фермер хўжаликлари, кооперативлар ва таъминотчилар билан ҳамкорлик қилишади.

Ўз йўлини ўзи танлаш ҳар бир инсоннинг ўз ҳаққи бўлиши керак. Бу аёлларнинг ўз ҳаётларини ўзлари белгилаш ҳуқуқларини ҳам ўз ичига олади.

Эрика Лириано

Нигор Марф

Нигор Марф, Ироқ

Ҳамшира

Нигор Марф Ироқ Курдистонидаги куйиш марказининг катта ҳамшираси. У ўзига ўт қўйишга уринган аёлларга ёрдам беради. Минтақанинг ёш аёллари ўртасида ўз норозиликларини шу тариқа ифодалаш ҳамон кенг тарқалган.

Марф қарийб чорак аср давомида турли касалхоналарда ишлаган. Болалар куйиш жароҳати, интенсив терапия бўлимларида фаолият юритган. Ҳозир эҳтиётсизлик оқибатида куйиб қолганларни ҳам даволайди. Унинг олдига келган аёлларнинг кўпчилиги руҳий ва жисмоний зўравонлик қурбонларидир. Бу аёллар айни шу зўравонликларга қарши ўзларига ўт қўйишган. Беморлар орасида, ҳатто, 16 яшар қизлар ҳам бор.

Моника Музонда

Моника Музонда, Замбия

Бизнессмен

Моника Музонда ўз фаолиятини корпоратив юрист сифатида бошлаган. Кейин эса, тадбиркорлик билан шуғулланган. Ўзининг Java Foods компаниясига асос солган. Ҳозир у ана шу ширкатнинг Бош директори бўлади. Java Foods бир зумда тайёр бўлувчи угра ишлаб чиқаради. Моника Замбияда юқори ҳосил олинувчи буғдой асосида арзон озиқ-овқат ишлаб чиқаришни мақсад қилган. У истеъмолнинг ўзгарувчан табиати ва ярим тайёр маҳсулотларга ортиб бораётган талабни пайқашга муваффақ бўлган.

Мусонда соғлом овқатланишн фаол равишда тарғиб қилади ва бошқа тадбиркор аёлларнинг маслаҳатчисига айланган. У аёлларнинг бизнесдаги ўрни билан ҳам қизиқади. Мусонда кўплаб мукофотлар олган. Унинг Африканинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини мустаҳкамлашдаги фаолияти кенг эътироф этилган.

Ифеома Озома

Ифеома Озома, АҚШ

Ижтимоий сиёсат ва технология ўйича мутахассис

Ифеома Озома собиқ иш берувчиси Pinterest ни гендер ва ирқий камситишда айблаш учун ўзи имзолаган махфий маълумотларни ошкор этмаслик тўғрисидаги шартнома (NDA) ни бузади. У одамларга иш жойидаги зўравонлик ёки адолатсиз муносабатга қарши курашишда кўмак беришга аҳд қилади. У Калифорниядаги ҳар бир ишчига бунга ўхшаш шартномани имзолаганидан қатъиназар, маълумот алмашиш имконини берувчи Silenced No More Act ининг ҳаммуаллифига айланади. Pinterest Озоманинг даъволари юзасидан ички текширув ўтказади ва янги қонунни қўллаб-қувватлашини маълум қилади.

Ифеома Озома, шунингдек, жуда кўп фойдали маълумотларни ўз ичига олган "Технология ходимлари учун" қўлланмани ёзган. Иш жойида тенглик ва адолатни тарғиб қилиш учун технология саноатидаги фирмалар билан ишлайдиган Earthseed консалтинг компаниясига ҳам асос солган.

Юлия Паевская

Юлия Паевская, Украина

Парамедик

Юлия Паевская украиналик ҳарбий парамедик. У "Тайра фаришталари", деб номланувчи эвакуация ва тиббий кўнгиллилар бўлинмасига асос солган. Мазкур бўлинма юзлаб ҳарбий ва оддий инсонларнинг ҳаётларини асраб қолган. Унинг ўзини ҳам, одатда, Тайра деб чақиришади. Юлия шу йил март ойида Россия ҳарбийлари томонидан асирга олинган. У қўлга олинган пайтида Мариуполдан тинч аҳолини эвакуация этаётган бўлган.

Юлия қамал қилинган шаҳарда ўз жамоасининг ишини ҳужжатлаштириш учун тана камерасидан фойдаланган ва тасвирлар оммавий ахборот воситаларига берилган. У уч ойлик тутқунликдан сўнг қўйиб юборилган. Ортга қайтгач, Юлия асирликдаги ҳаётини "дўзах", деб атаган. Оғир шароитлар ва шафқатсиз муносабатлар ҳақида гапирган.

Жейн Ригби

Жейн Ригби, АҚШ

Астроном ва астрофизик

НАСА астрофизики доктор Жейн Ригби галактикаларнинг фазодаги эволюциясини ўрганади. У дунёдаги энг катта космик телескоп - "Жеймс Уэбб"ни лойиҳалаб, фазога учирган халқаро гуруҳ сафидаги энг етакчи олимлардан бири бўлади.

Ригби 100 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифидир. Қилган тадқиқотлари учун кўплаб мукофотлар ҳам олган. У, шунингдек, илм-фан, технология, муҳандислик ҳамда математика соҳаларида тенглик ва барча учун бирдек имкониятлар тарафдори ҳам.

Талабалик чоғимда ЛГБТ жамиятидагилар орасида ўрнак бўлишга лойиқ инсонлар борлигини билмасдим. Умид қиламанки, мен бундай униб, ўсган авлоднинг сўнггисига мансубман.

Жейн Ригби

Айнура Сагин

Айнура Сагин, Қирғизистон

Муҳандис

Айнура Сагин компьютер муҳандиси, эко-феминист ва стартап Бош директори бўлади. У атроф-муҳит муаммоларига технологик йўлда ечим топиш ҳаракатида. Айнура чиқинди ишлаб чиқарувчиларни – уй хўжаликлари ва жисмоний шахслардан тортиб, ресторанлар, фабрикалар ва қурилиш майдонларигача – уни қайта ишловчилар билан боғлайдиган Tazar иловасига асос солган. Илова чиқиндихоналарда тўпланадиган чиқиндиларни камайтириш ва охир-оқибат Марказий Осиё давлатларидаги барқарорлик муаммосини ҳал қилишга қаратилган.

У мунтазам семинарлар ўтказиб, Қирғизистоннинг турли вилоятларидан келган 2000 дан ортиқ ўқувчи қизга дастурлаш асосларини ўргатган.

Аёлларнинг етакчилиги ва иштирокисиз иқлим муаммоларини ҳал қилиш жуда қийин. Сайёрамизнинг барқарор ривожланиши ва гендер тенглиги масалалари ҳал этилиши керак.

Айнура Сагин

Моника Симпсон

Моника Симпсон, АҚШ

Репродуктив ҳуқуқ ҳимоячиси

Моника Симпсон SisterSong жамғармасининг ижрочи директори бўлади. Мазкур фондда турли этник миллатга мансуб аёллар ишлашади. Улар Американинг жанубий штатларида репродуктив адолатни тарғиб қилишади. Моника Симпсон аёлларнинг жинсий ва репродуктив эркинлиги, уларнинг ҳомиладорлик масаласида якуний сўзни ўзлари айтиши ҳуқуқи учун курашади. АҚШ Олий суди "Роу Уэйдга қарши" иши бўйича қарорни бекор қилиши ортидан, ушбу масала яна кун тартибига чиққан. Бу мамлакат бўйлаб қонуний аборт қилиш ҳуқуқини беради.

Симпсон, шунингдек, қўшиқчи ва гўянда. Фаоллигини санъат билан уйғунлаштирган. Унинг доялик сертификати ҳам бор. Яна қора танли оналарга руҳий кўмак кўрсатувчи Black Mamas Matter Alliance иттифоқи бошқарув кенгашининг аъзоси ҳам бўлади.

Самравит Фикру

Самравит Фикру, Эфиопия

Дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиси

Самравит Фикру 17 ёшгача компьютердан фойдаланмаган. Аммо у Эфиопиянинг RIDE такси иловаси ортидаги ширкатлардан бири бўлган Hybrid Designs асосчисидир.

Самравит Фикру ўзининг таксида юриш тажрибасига асосланиб, янги илова яратишга аҳд қилган. Унинг дастлабки капитали 2000 АҚШ долларига ҳам тушмаган. Ширкати ҳозир асосан хотин-қизларни ишга ёллайди. Эфиопия технология саноатида аёллар кам. Фикру эса, ёш тадбиркор аёлларнинг кейинги авлодига ўрнак бўлмоқчи.

Аёлларга қарашли корхоналар сони ортиб бормоқда. Энди биз ўз ғояларини амалга ошира олишлари учун янада кўпроқ ёш қизларнинг молиявий имкониятларини яхшилашимиз лозим.

Самравит Фикру

Кимико Хирата

Кимико Хирата, Япония

Иқлим ўзгаришига қарши курашувчи фаол

Кимико Хирата энергетикада кўмирдан фойдаланилишига кескин қарши. Умрининг ярмига яқинини Япониянинг углеводород ёқилғисига қарамлигига қарши курашга бағишлаган. Бу иқлим ўзгаришига жиддий таъсир қилаётган омиллардан бири бўлади. Унинг жойлардаги кампанияси сабаб, 17 та кўмир асосида ишловчи янги электростанция қуриш режаси чиппакка чиқди. Кимико Хирата атроф-муҳит муҳофазаси бўйича Голдман мукофотини қўлга киритган япониялик биринчи аёл бўлади.

1990-йилларда, Альберт Горнинг "Дунё мувозанатда" китобини мутоала этиши ортидан, Кимико Хирата нашриётдаги ишини ташлайди. У иқлим ўзгариши бўйича фаолга айланади. У ҳозир "Climate Integrate" мустақил ташкилотининг ижрочи директори. Углеводород ёқилғиларидан воз кечиш билан шуғулланувчи мазкур ташкилотга шу йилнинг январь ойида асос солинган.

София Ҳейнонен

София Ҳейнонен, Аргентина

Табиат ҳимоячиси

Биолог София Ҳейнонен биологик хилма-хилликни сақлашга иштиёқманд. Аргентинанинг сув-ботқоқ экотизимидаги инқирозни енгишга биринчилардан бўлиб бош қўшган. Эстерос-дель-Ибера қўриқхонаси ҳамасосчиларидан бири ҳам бўлади. София 30 йилдан ортиқ умрини йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган турларни табиий яшаш жойларига қайтариш ва муҳофаза этиладиган ҳудудларни яратишга ўз ҳиссасини қўшишга сарфлаган.

Унинг раҳбарлари остида тўртта асосий экологик минтақа, шу жумладан, Патагония даштларида ҳам фаолият юритувчи Rewilding Argentina лойиҳаси ишга туширилган. Лойиҳа шахсий ерларни муҳофаза этиладиган миллий боғларга айлантириш, экотизимни қайта тиклаш ва экотуризмни йўлга қўйиш учун у ерларга ҳайвонлар ҳамда ўсимликларнинг маҳаллий турларини қайтаришни кўзда тутади.

100 Аёл - Би-би-си Жаҳон Хизмати

100 Аёл лойиҳаси нима?

Би-би-сининг мазкур лойиҳаси ҳар йили дунёнинг энг нуфузли, таъсирга эга ва руҳлантирувчи 100 нафар аёлининг рўйхатини тақдим этади. Биз бу хотин-қизларнинг ҳаёти, босиб ўтган йўлига бағишланган ва асосий эътибор айнан аёлларга қаратилган ҳужжатли фильмлар, мақолалар ва суҳбатлар яратамиз.

Би-би-сининг 100 Аёл лойиҳасини Instagram, Facebook ва Twitter да кузатиб боринг. #BBC100Women орқали унда сиз ҳам иштирок этинг.

100 Аёл қандай танланган?

Би-би-сининг 100 Аёл лойиҳаси жамоаси якуний рўйхатни ўз тадқиқотлари ва Би-би-си тил хизматларининг тавсиялари асосида тузди. Биз сўнгги 12 ой ичида сарлавҳаларга чиққан, муҳим воқеаларга таъсири бўлган, бошқаларни илҳомлантирувчи иш қилган, жиддий ютуққа эришган ёки ўз жамиятини ўзгартира олган номзодларни қидирдик. Сўнгра уларнинг номлари бу йилги мавзуга – сўнгги ўн йилликда турли соҳаларда эришилган ютуқларга кўра сараланди.

Биз ўз эътиборимизни туғилишни назорат қилиш каби мунозарали мавзуларга қаратдик. Шахсан ўзлари ўзгаришлар қилишга муваффақ бўлган аёлларни танладик. Бундан ташқари, биз рўйхатни тузишда холисликка таяндик. Аёллар барча минтақаларни тенг намоён этишларига диққат қилдик.

Рўйхатда айрим аёлларнинг асл исмлари яширилган. Бошқаларининг эса, фақат номлари берилган. Бу уларнинг ўзлари ва оилаларининг хавфсизлигини таъминлаш учун қилинган. Исмлар уларнинг розилиги ва Би-би-си таҳририяти сиёсатига мувофиқ берилган.